2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан фойдаланиш тўхтатилади

Ўзбекистонда аҳолини электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш топширилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
“Бош вазир А.Ариповга 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берилди”, — дейилади хабарда.
Таҳлилларга кўра, тирбандликлар ҳам ҳавонинг тозалигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки, ҳаракатдаги автомобилга қараганда тирбандликда турганлари ҳавони кўпроқ ифлослантиради.
Шу сабабли, жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ишлар янада жадаллаштирилади.
Эндиликда автобуслар харид қилишда уларнинг йўловчи сиғимига кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, метро вагонлари сонини ошириш бўйича амалий чораларни ҳам тезлаштириш лозим.
"Яшил энергетика”ни қўллаб-қувватлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва зарарли оқибатларни камайтириш мақсадида аҳолини электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.
Пойтахтда оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда “Евро-4”дан паст ёнилғидан фойдаланишнинг экологияга таъсирини камайтириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилади.
Тошкентда атмосфера ҳавосининг сифатини кўрсатувчи мониторлар ўрнатилади