Жамоат транспорти: ижтимоий аҳамиятга эга соҳадан кафолатланган бизнесгача

Шаҳарларнинг урбанизацияси, кўчалардаги тирбандлик муаммоси, шу жумладан, экологик вазиятнинг ёмонлашувига сабаб бўлаётгани ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон шаҳар муҳитида йўловчи ташишнинг аҳамияти устувор вазифалар қаторига киритилган.
Sputnik
ТОШКEНТ, 12 январь – Sputnik. Индира Ризаметова. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда шаҳар жамоат транспортини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири брутто-шартнома тизимига босқичма-босқич ўтишдир. Sputnik мамлакат Транспорт вазирлигига бу қандай янгилик экани ва бу йўловчи ташиш ва умуман йўловчиларнинг ўзига қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволлар билан юзланди.
Вазирлик маълумотига кўра, 2023 йил июль ойида Тошкент шаҳрида янги тизимни синовдан ўтказиш кунлик даромадни босқичма-босқич бекор қилиш ва брутто-шартномаларга ўтиш билан бошланган.

“Брутто-шартнома тизимини жорий этиш, яъни йўловчи ташишни молиялаштиришни ташкил этиш Ўзбекистон президентининг қарорида назарда тутилган. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади ва бу ерда муҳим афзаллик аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, жамоат транспортини зарарига фаолият юритувчи тоифасидан кафолатланган бизнесга ўтказишдир”, — дея маълум қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Автомобил ва дарё транспортини ривожлантириш департаментининг бошлиғи Руслан Рўзметов.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, янгилик барча кунлик тушумни Молия вазирлиги қошидаги махсус жамғарма ҳисобига ўтказишни назарда тутади, у ердан ташувчига рентабелликнинг 10 фоизи ҳисоблаб чиқилади ва унга фойда кўринишида қайтарилади.
Тошкентда яна 32 та автобус йўналишида кунлик даромад режаси бекор қилинди
Шу билан бирга, ташувчиларнинг йўқотишларини қоплашнинг батафсил механизми ишлаб чиқилмоқда. Масалан, ташувчиларнинг "йўқолган" даромадлари учун компенсация, яъни бепул ва чегирмали йўловчиларни ташиш ва бошқалар.

“Ташувчилар фойда олишдан манфаатдор, чунки даромад нафақат бажарилган иш ҳажмига, балки кўрсатилаётган хизматлар сифатига ҳам боғлиқ бўлади. Шунингдек, ташувчиларга, аниқроғи автобусларга маълум талаблар қўйилади: транспортда паст қаватли лифт, GPS-навигация қурилмаларининг мавжудлиги, йўловчиларни ҳисобга олиш тизимлари, ҳаракат жадвалига риоя қилиш ва ҳоказо”, — дея тушунтирди эксперт.

Мутахассисларнинг фикрича, янги тизимнинг жорий этилиши нафақат жамоат транспорти ишини онлайн назорат қилиш ва ҳисобини юритиш, балки соҳа учун бюджет харажатларининг оқилона прогнозини ҳам олиш имконини беради.
Ўзбекистоннинг демографик даражасини ҳисобга олган ҳолда жамоат транспорти кундалик ҳаётнинг зарур таркибий қисми ва муҳим ижтимоий хизмат бўлиб қолмоқда. Очиқ маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб ҳар куни 10 миллиондан ортиқ киши мазкур хизматдан фойдаланади. 3 миллиондан ортиқ аҳолиси бор бўлган Тошкент шаҳрининг ўзида аҳолининг қарийб 50-60 фоизи ундан фойдаланади, дея маълум қилган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги.
Айни пайтда тизим Тошкент шаҳрида жорий қилинган ва 167 та автобус йўналишини қамраб олган. Март ойидан бошлаб бу тажриба яна 5 та шаҳарда – Андижон, Самарқанд, Қарши, Урганч, Наманганда жорий этилади. 2024 йил июль ойидан бошлаб мамлакатнинг яна 8 та шаҳри ва маъмурий марказини қамраб олиш режалаштирилган. Янги тизимни босқичма-босқич жорий этиш маҳаллий инфратузилмани тайёрлаш билан боғлиқ.
Тошкентда яна бир нечта автобус йўналишида кунлик режа бекор қилинди
Мутахассисларнинг тушунтиришича, Тошкент мисолида жамоат транспортини тажрибавий ислоҳ қилиш босқичларини қайд этиш мумкин: автобуслар харид қилиш, инфратузилмани яратиш, молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш, назорат тизимини яратиш, ташувчиларга компенсация тўловлари учун махсус жамғарма ташкил этиш, электрон тўловга ўтиш.

“Тизим жорий этилиши билан биргаликда нақд пул тўловларини босқичма-босқич бекор қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида 2023 йил июль-декабрь ойларида жамоат транспортида ҳаракатланиш учун нақд пулсиз тўловлар 60 фоизни ташкил этди. Мамлакат бўйлаб бу кўрсаткич 80-85 фоизлик чегарадан ўтса, нақд пул тўловлари бутунлай бекор қилинади. Айни пайтда йўловчилар АТТО тизимининг йўловчи карталаридан ташқари мобил телефонлар, QR-кодлар, "Uzcard", "Humo" ва халқаро тўлов тизимлари орқали тўловлардан ҳам кенг фойдаланмоқда”, — деди Рўзметов.

Янги тизимнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, нақд пул оқимини назорат қилиш ва ҳисобга олиш инсон омилисиз онлайн режимда амалга оширилади. Ёрдамчи мониторинг функциялари Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги тегишли тузилмалар томонидан амалга оширилади.
Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, жамоат транспортининг ривожланиши шаҳар агломерациясининг кўплаб муаммоларини ҳал қилади. Кўчалардаги тирбандликлар, жамоат транспорти учун йўлларни тортиб олиш билан тўхташ қоидаларининг бузилиши, чиқинди газлар ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши - бу ҳали ҳолва.
Ўтган йилнинг энг ёрқин ва аҳамиятли транспорт ҳодисаси мамлакат, хусусан, пойтахт автопаркига янги автобуслар ва электр автобусларнинг қўшилиши бўлди. Бироқ президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиб бўлмайди".
Мамлакатда жамоат транспортини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари ана шу долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
Барча вилоят марказларининг транспорт бош режаси ишлаб чиқилади