ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. "Татнефть", Saneg и "Лукойл" каби хорижий инвесторларга кўпроқ ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуриш имконияти берилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Ўзбекистонда хорижий компаниялар, хусусан, “Татнефть” ва “Лукойл” томонидан ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоқларини ривожлантириш республикада автомобиль ёқилғиси нархини барқарорлаштириш ва сифатини яхшилаш имконини беради.
"Бу юқори сифатли автомобиль ёқилғиси ва ички бозорда бензин нархининг барқарорлигига эришиш имконини беради. Хориждан бензин олиб кирувчи субъектлар фаолиятини кенгайтириш ҳисобига истеъмол бозори мувозанати таъминланади", — дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, шу йилдан бензин бозорида рақобат кучаяди.
Маълумот учун, "Татнефть" 2019 йилдан буён Ўзбекистонда учта ёқилғи қуйиш шохобчасини очди – Тошкент, Самарқанд шаҳарлари ва Тошкент вилояти.
“Лукойл” 2018 йилда Ўзбекистон пойтахтида ёқилғи қуйиш шохобчасини очган ва аввалроқ республикада франчайзинг асосида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантиришини эълон қилган эди. Хусусан, Тошкент ва ундан ташқарида жойлашган олтита станция бўйича шартномалар имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга нефть хомашёси етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилмоқда. 2022 йилда "Ўзбекнефтгаз" 7 та ёқилғи қуйиш шохобчаларини "Татнефть"га бериши мумкинлиги маълум қилинганди.
Ўтган йилнинг август ойида президент Шавкат Мирзиёев йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш зарурлигини қайд этган эди.