ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Ўзбекистонда “Қизил” тоифага киритилган мактаблар сони 1 526 тадан 404 та камайтирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтган йили республикадаги боғчалар сони 33 942 тага етказилди. 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 74 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов қамрови 93 фоизга етказилди.
Давлат-хусусий шерикчилик асосида 71 та, оилавий шаклда 4,5 минга яқин нодавлат боғча ташкил этилди.
“Умумтаълим мактаблари сони 10 163 тага, нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 449 тага етди. 37 та мактаб филиалларига умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилди. 700 минг нафарга яқин болалар 1-синфга қабул қилинди”, — деди Дилфуза Собирова.
Шунингдек, 563 та мактабда қуриш-таъмирлаш амалга оширилди ва 120 минга яқин янги ўқув ўринлари яратилди. Қарийб 115 минг ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланди.
Таълим муассасаларининг 1 800 га яқинига қайта тикланувчи қуёш электр панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди. 53 та мактаб узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминланди.
“Қизил тоифага киритилган мактаблар сони 1 526 тадан 404 та камайтирилди”, — деди Собирова.
Умумтаълим мактабларига 500 нафар хорижлик мутахассислар жалб этилди.
Инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 415 тага, улардаги ўқувчилар сони 736 нафарга етказилди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 153 нафари уй-жой билан таъминланди.
Қорақалпоғистон республикаси, Андижон ва Фарғона вилоятларида “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси филиаллари ташкил этилди.