Ўзбекистонда янги газ захиралари аниқланди

Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2-3 километрдан 4-5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди,
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Ўзбекистонда янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Геология-қидирув ишлари бўйича ахборот берилди
Қайд этилишича, шу йилнинг ноябрь ойида президент “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлганида истиқболли геология майдонларини ўзлаштириш бўйича вазифалар қўйган эди. Йиғилишда соҳа мутасаддилари ушбу вазифалар ижроси, 2024 йилга мўлжалланган геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастури бўйича ахборот берди.
Қайд этилганидек, бу ишлар икки йўналишда – ҳам мавжуд конларда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш, ҳам янги захираларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда.
“Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2-3 километрдан 4-5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, кўплаб истиқболли қудуқларни ишга тушириш имкони топилди. Келгуси йилда 3,5 минг квадрат километр майдонда сейсмик ишлар олиб бориш ҳамда янги қидирув қудуқлари қуриш режалаштирилган.
Геология-қидирув ишлари бўйича ахборот берилди
Йиғилишда бунинг учун хорижий инвестициялар жалб этиш, тармоқ корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Илғор технологияларни олиб келиб, 6-7 километр чуқурликда геологик бурғулашга ўтиш масалалари муҳокама қилинди.
Айтилишича, энергия манбаларини изчил етказиб бериш, шу билан бирга, ҳудудлар ва йирик корхоналар кесимида тўлов интизомини таъминлаш муҳим.
Ўзбекистонда нефть захиралари кўп, бироқ уларни қазиб олиш нега қийин?