ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Араб компанияси Ўзбекистондаги лойиҳаларга сармоя киритишга тайёр. Бу ҳақида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Тошкентда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Унда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
"Мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этган конструктив музокараларда Ўзбекистонда амалга ошириладиган аниқ ташаббуслар шакллантирилиб, ҳар бир лойиҳа бўйича масъул ижрочилар белгилаб олинди", — дейилади хабарда.
Кун тартибига мувофиқ, “B2B” ва “G2B музокаралари сессиялари ҳам бўлиб ўтди, унда томонлар эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини атрофлича муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қатарнинг собиқ бош вазири, қатор йирик инвестиция ва саноат холдинглари асосчиси Ҳамад бин Жассим Ол-Соний бошчилигидаги делегация инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамроҳлигида Бухоро вилоятига ташриф буюрганди. Унда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.