ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси 2025 йилда Самарқандда ўтказилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов
маълум қилди. Парижда бўлиб ўтаётган ЮНEСКО Бош Ассамблеясида навбатдаги 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш расман маъқулланди. Қайд этилишича, қирқ йилдан ортиқ вақт давомида илк бор ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг сессияси Париж шаҳридан ташқарида бўлиб ўтади.
"Бу дипломатик муваффақият", - дея изоҳлади қабул қилинган қарорни 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида ЮНЕСКО Бош конференсиясининг 42-сессияси очилди ва у ўз ишини 22 ноябрда якунлади. Ушбу икки ҳафталик давр мобайнида 194 аъзо давлат умумбашарий таълимга эришиш йўллари, янги технологияларнинг ахлоқий муаммолари, Жаҳон мероси объэктларини тўғри бошқариш ва сақлаш, шунингдек, иқлим бузилишига қарши курашиш ва табиат билан муносабатларимизни тиклаш воситаларини муҳокама қилди.
Маълумот учун, ЮНЕСКО бош конференцияси Ташкилотнинг сиёсати ва асосий иш йўналишларини белгилайди. Унинг вазифаси - ЮНЕСКОнинг дастурлари ва бюджетини белгилашдан иборат. Шунингдек, у Ижроия кенгаши аъзоларини сайлайди ва ҳар тўрт йилда бир марта Бош директорни тайинлайди.
Бош конференциянинг ишчи тиллари араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилларидир. Бош конференция ЮНЕСКОга аъзо давлатлар вакилларидан иборат. У ҳар икки йилда бир марта йиғилади ва унда аъзо бўлмаган давлатлар, ҳукуматлараро ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) кузатувчилари билан биргаликда аъзо давлатлар ва Ассоциатив аъзолар иштирок этади.
Ҳар бир давлат, унинг ҳажми ёки бюджетга қўшган ҳиссаси миқдоридан қатъи назар, битта овозга эга.