ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Беларусь билан ҳамкорликда голубика етиштиришга келишиб олди. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Тошкентда Беларусь-Ўзбекистон ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки давлат ўртасида етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтириш, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва ветеринария, қишлоқ хўжалиги фанлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги босқичлари юзасидан фикр алмашди.
Тошкентда Беларусь-Ўзбекистон ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
© Министерство сельского хозяйства республики Узбекистан.
“Учрашувда “Ягодка” фермер хўжалигида “in-vitro” усулида етиштирилган голубика кўчатларининг элита навларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида голубика етиштириш бўйича экспериментал кўргазмали майдон яратиш лойиҳаси келишиб олинди”, дейилади хабарда.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кенгайтириш, самарали ва конструктив ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини келишиб олди.
Голубика бугунги кунда дунё бозоридаги энг қиммат резавор ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур резаворни етиштириш ҳажмини ошириш Ўзбекистон иқтисодиётига фақат фойда олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятидаги 10 гектар ер майдонида жаҳон бозоридаги энг қиммат реза мева голубика етиштирилмоқда. Уларни Хитой, Гонконг, Сингапур, Малайзия, Вьетнамга экспорт қилиш мумкин.
Икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, ўтган йилда унинг хажми 42 фоизга ошди. Олий даражадаги музокаралар давомида ҳукуматлар зиммасига яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.