ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Тошкент шаҳрида майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган шахс аниқланди. Бу ҳақида Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Олмазор туманида яшовчи фуқаро Ш.П. ўз уйида 94 та тўпламдаги қўлбола усулда ясалган майнинг крипто-активлари қурилмасини электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб олган.
“Жами 540 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган”, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳудудида майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш ҳамда фаолиятни ташкил этиш тартиби белгиланган эди. Унга кўра, майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.