Майнинг фаолияти қуёш энергияси билан амалга оширилади — низом

© Sputnik / Алексей Даничев / Медиабанкка ўтишМайнинг
Майнинг - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.10.2023
Oбуна бўлиш
Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. “Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Низом билан Ўзбекистон ҳудудида майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш ҳамда фаолиятни ташкил этиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкин.
Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон ҳудудида қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:
яширин майнингни;
аноним крипто-активлар майнингини;
рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилга мос келмайдиган манзилда майнингни;
рухсатномасиз майнингни.
Майнерлар майнингни амалга ошириш натижасида олинган крипто-активларни Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган крипто-биржалар орқали сотишга ҳақли.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) раҳбари томонидан тасдиқланган эксперт комиссияси тақдим этилган аризани 15 кунда кўриб чиқади ҳамда рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.
Ваколатли орган эксперт комиссиясининг хулосаси асосида 5 кун ичида рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Рухсатнома ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида расмийлаштирилади. Аризани кўриб чиқиш ҳамда рухсатнома расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди. Рухсатнома 5 йил муддатга берилади.
Янгиликлар лентаси
0