ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Словакия ҳукумати Украинага 40,3 евро миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам кўрсатишни блоклади, деб хабар бермоқда РИА Новости.
“Ҳукумат ҳарбий материалларни Украинага бериш таклифини маъқулламайди”, - дейилади хабарда
Вазирлар маҳкамасининг аввалги таркиби Киевга ҳарбий эҳтиёжлар учун 40,3 миллион евро ажратишни таклиф қилган эди. Бу ёрдам асосан ўқ-дорилардан иборат.
Октябрь ойи бошида Словакия президенти Зузана Чапутова мазкур ёрдам ташаббусини кўриб чиқишни янги ҳукумат тузилгунича қолдиришни таклиф қилган эди. Сайловлар натижасида ҳукмрон коалиция сентябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган SMER, “Овоз” (HLAS-SD) партияси ва “Словакия миллий партияси” (SNS) томонидан тузилди.
Ҳукумат бошига SMER раҳбари Роберт Фицо тайинланди, бу унинг тўртинчи марта Словакия бош вазири бўлиши.
Сиёсатчи аввалроқ бир неча бор мухолифларни Украинани қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилган ва Киевга ҳарбий ёрдамни тўхтатишга ваъда берган эди. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучларига ҳарбий техника топширилиши туфайли республика армияси аянчли аҳволга тушиб қолган.
Фицо, шунингдек, Украина ҳарбийларига МиГ-29 қирувчиларини беришга қарор қилган ҳукумат аъзоларининг жавобгарликка тортилишини талаб қилди ва амалдаги С-300 ҳаво мудофаа тизимини юборилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, у Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида гапирган ва Россия билан АҚШни можаро ҳудудида сулҳ бўйича музокаралар олиб боришга чақирган.