ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин “Казахстанская правда” газетасига берган интервьюсида Ўзбекистонга Қозоғистон орқали газ етказиб бериш ҳақида гапирар экан, Туркманистон билан маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадга мувофиқлигини, унинг алоқаси умумий манфаатларга тўғри келишини айтди. Бу ҳақида РИА Новости хабар берди.
“7 октябрда Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари билан биргаликда Россия табиий газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаш маросимида қатнашдик. Бу йўналиш мавжуд газ транспорти тармоқларидан энг самарали фойдаланиш имконини беради ва нафақат уч давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ривожига хизмат қилади. Келгусида туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашувлар ўтказишни мақсадга мувофиқ деб биламиз”, — дейди Путин.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Путин, Тоқаев ва Мирзиёев Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб беришни йўлга қўйишди. Ўзбекистон Россиядан газ етказиб бериш бошлангандан буён 300 миллион куб метр газ олишга улгурди, шартноманинг барча мажбуриятлари бажарилмоқда.