Ҳафта ўртасида тоғли ҳудудларда қор ёғиши мумкин

Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудуди илиқ ва бироз нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Ҳафта ўртасида тоғли ҳудудларда қор ёғиши мумкин, дея хабар берди Ўзгидромет.
Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудуди илиқ ва бироз нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади.
Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида бугун кундузи баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати +19-24 даража атрофида бўлади. Ҳафта ўртасида ҳаво ўзгаради.
Ўзбекистон ҳудудига 8 ноябрда нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Шу куни ҳудуднинг катта қисмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида 9 ноябрда ёмғир ёғиши сақланиб туради.

"Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ёғади. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин", — дейилади хабарда.

10 ноябрда республиканинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. 8-10 ноябрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши мумкин.
8-9 ноябрда ҳарорат +13-18 даража илиққача аста-секин пасаяди, 10 ноябрда +15-20 даража илиқ бўлади. 10 ноябрга келиб, ҳарорат кечаси +3-6 даража илиққача пасаяди.
Пойтахтда 6-7 ноябрь кунлари ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +20-23 даража илиқ бўлади.
8 ноябрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. 9 ноябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди.
10 ноябрда ёғингарчилик кутилмайди. 8-9 ноябрда ҳарорат +14-16 даража илиққача аста-секин пасаяди, 10 ноябрда +16-18 даража илиқ бўлади. 10 ноябрга ҳарорат кечаси +3-6 даража илиққача пасаяди.