Шавкат Мирзиёев Остонага боради

Мирзиёев 2-3 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига боради, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 2-3 ноябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.
Саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, экология, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.
"Делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар", — дейилади хабарда.
Тадбирлар якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.
Маълумот учун, жорий йилда Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистон Республикаси раислик қилмоқда. Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 100 дан ортиқ муҳим тадбир ўтказилди. Ташкилотга Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон , Қирғизистон ва Туркия аъзо, Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчилардир.
Мирзиёев ноябрда Қозоғистонга боради