ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон парламенти Мажлиси раиси Ерлан Кошановни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Қозоғистон Мажлисининг раиси Мирзиёевга Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Парламенти Мажлиси ўртасидаги Парламентлараро кенгашнинг бугун бўлиб ўтган биринчи йиғилишининг самарали натижалари алоҳида қайд этилди.
Олий даражадаги келишувларни сўзсиз бажариш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида яқин парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Қонун ижодкорлиги фаолияти соҳасида, ўз-ўзини бошқариш органларини ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида тажриба алмашиш, шу жумладан ёш депутатлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олинди.