ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистон IT хизматлари экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказмоқчи. Бу ҳақида рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов “ICT Expo Uzbekistan” – ахборот-коммуникация технологиялари кўргазмасининг расмий очилиш маросимида маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов
© Министерство цифровых технологий республики Узбекистан
“Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 31 миллионни ташкил қилмоқда. 2040 йилгача Ўзбекистонда аҳоли сони 50 миллионга етади. Бу ўз ўзидан интернетдан фойдаланувчилар сони ўсишига олиб келади”, — деди Каримжонов.
Унинг айтишича, Ўзбекистон хавфсизлик бўйича дунёда 9-ўрин, Тошкент шаҳри дунёдаги энг арзон пойтахтлар ичида 4-ўрин, интернет нархи арзонлиги бўйича эса дунёда 15-ўринни эгаллайди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожига ўз ҳиссасини қўша оладиган 20 миллион ишчи кучи бор. Уларнинг 5 миллиони инглиз ва бошқа тилларда бемалол гаплаша олади.
Сўнгги 3 йилда IT йўналишидаги университетлар ва факултетлар сони 65 тага етказилди.
"Бундан 7 йил илгари IT хизматлари экспорт ҳажми 300 миллион доллар бўлади деганда ҳеч ким, ҳаттоки ўзимиз ҳам ишонмаганмиз. Энди бу кўрсаткични 500 миллион долларга етказмоқчимиз", - дея қўшимча қилди у.