ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Исроил Ғазо секторидаги Нусайрат бозорини ўққа тутди, қурбонлар бор. Бу ҳақда Фаластин Ички ишлар вазирлиги хабар берди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Исроилнинг Ғазо секторидаги Нусайрат бозорини ўққа тутиши натижасида ҳалок бўлганлар ва кўп сонли жароҳатланганлар бор”, — дейилади хабарда.
Вазирлик қурбонлар ва ярадорлар сонига аниқлик киритмади. Фаластиннинг “Quds” портали ҳужум жойида ёнғин чиққани ҳақида хабар берди.
Фаластин WAFA агентлигига кўра, ҳарбий самолётларнинг Ғазо секторининг турли қисмларига уюштирган бир қатор рейдлари натижасида 29 тинч аҳоли ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди.
"Турар-жой биноларини портлатиш чоғида, шунингдек, Ғазо сектори марказидаги Нусейрат қочқинлар лагери бозоридаги ресторанга қилинган зарбадан бутун оилалар ҳалок бўлган. Хон-Юнис марказидаги Рио кафесини ишғолчи самолётларнинг бомбалаши оқибатида ўн нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди", — дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг “Ал-Аҳли” шифохонасига зарбаси оқибатида 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ўз навбатида, Исроил мудофаа кучлари тергов олиб бораётганини маълум қилди ва ҳодисани “ҲАМАС ракетасининг муваффақиятсиз учирилиши” билан боғлади.
Ўзбекистон ТИВ Фаластиндаги шифохонага ҳужум уюштирилганини қоралади. Баёнотда даҳшатли зўравонлик ҳаракати кескин қораланиб, бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб қайд этилди.
Россия президенти Владимир Путин Ғазодаги шифохонага уюштирилган ҳужумни фожиа ва гуманитар фалокат деб атади ва бу можарога барҳам бериш зарурлигидан далолат бўлишини кутганини айтди. Россия БМТ Бош Ассамблеясининг Фаластин тинч аҳолисини ҳимоя қилиш бўйича 10-фавқулодда махсус сессиясини қайта бошлаш ташаббуси билан чиқди.