2024 йилда Самарқанд Ҳамдўстликнинг маданий пойтахтига айланади — Путин

Бишкекда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 окт — Sputnik. 2024 йилда Самарқанд эстафетани Санкт-Петербургдан олиб, Ҳамдўстликнинг маданий пойтахтига айланади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Бишкекда бўлиб ўтаётган МДҲ Давлат раҳбарларининг тор доирадаги мажлисида маълум қилди.

"Шавкат Мирзиёевнинг қадимий Самарқанд шаҳри ўзининг бой маданияти ва ижтимоий ҳаёти билан мамлакатларимиздан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиши ҳақидаги фикрига шубҳасиз қўшиламан. Мен у ерга ( Самарқанд- таҳрир) яқинда ташриф буюрдим. Янги яратилганлардан кўрганларим — таъсирли. Бу, албатта, Ўзбекистон учун катта ютуқ", — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 14 апрель куни бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Самарқанд 2024 йилда МДҲнинг маданий пойтахти бўлиши маълум қилинганди. Унда МДҲ бош котиби Сергей Лебедев 2024 йилда Самарқандга МДҲнинг маданий пойтахти, шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳрига МДҲнинг Ёшлар пойтахти мақоми берилиши Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги ўзаро ҳамкорлигидаги фаол иштирокининг ёрқин далили эканини айтган.