Тошкент-Марказий вокзали ишини қайта тикламоқда

Бир ой давомида Шимолий вокзалдан ҳаракатланувчи айрим поездлар вақтинча Жанубий вокзалдан қатнаётган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. 16 октябрдан бошлаб Тошкент-Марказий (Шимолий) вокзали ўз фаолиятини аввалги жадвал бўйича бошлайди. Бу ҳақда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ хабар бермоқда.
"Тошкент-Марказий вокзалидан қатновчи маҳаллий йўналишларга саёҳатни аввалгидек Тошкент-Марказий вокзалидан давом эттиришингиз мумкин", - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб”, тезюрар “Шарқ”, “Насаф”, “Ўзбекистон” поездлари ва “Тошкент — Волгоград — Тошкент” йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поездлар аввалгидек Тошкент-Марказий вокзалидан ҳаракатланади.
Тошкент-Марказий вокзали ва “Тўқимачи” бекатидан ҳаракатланаётган шаҳарлараро Хожикент, Гулистон, Ангрен, Ховос, Бекобод йўналишларидаги поездлар 16 октябрдан бошлаб Тошкент-Жанубий вокзалидан ҳаракатланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 15 сентябрдан 15 октябргача Шимолий вокзалдан ҳаракатланувчи айрим поездлар вақтинча Жанубий вокзалдан қатнаши хабар қилинган эди. Бу вақт мобайнида "Тўқимачи" ҳамда "Тошкент-йўловчи" темир йўл бекатлари оралиғидаги йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган эди.