ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Биринчи француз ҳарбийлари Нигерни тарк этди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар бермоқда.
“Биринчи ҳарбийлар олиб чиқилди”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, француз қўшинларини олиб чиқиш “режага мувофиқ” амалга оширилмоқда. Нигерда 1,4 минг нафарга яқин Франция Қуролли кучлари ҳарбийлари бор.
Душанба куни Ватанни қутқариш миллий кенгаши (Нигернинг муваққат ҳукумати) француз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш 10 октябрь куни бошланишини маълум қилган эди.
24 сентябрь куни Франция президенти Эмманюэл Макрон Ниамейдан элчи ва қатор дипломатларни чақириб олган эди ва исёнчилар билан ҳарбий ҳамкорлик қилмаслигини айтган эди. Париж Нигердан ўз қўшинларини йил якунига қадар олиб чиқишни режалаштирмоқда.