Қашқадарёда 2 айиқ қишлоққа тушиб келди — видео

Воқеа жойига етиб борган ишчи гуруҳ томонидан кўрилган оператив чора-тадбирлар натижасида айиқ болалари махсус ўқ-дорили қурол ёрдамида ухлатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Қашқадарёда қишлоққа тушган айиқлар қўриқхона ҳудудига қўйиб юборилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Шаҳрисабз тумани, Шакартери МФЙ, Сойбўйи қишлоғи ҳудудига тоғли ҳудуддан Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган 2 бош Тянь-Шань қўнғир айиқ болалари келиб тушди.
Вазият юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси, Шаҳрисабз туман ИИБ, Миллий гвардия, Тошкент ҳайвонот боғи ҳамда Ҳисор қўриқхонаси ходимларидан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилди.
Воқеа жойига етиб борган ишчи гуруҳ томонидан кўрилган оператив чора-тадбирлар натижасида айиқ болалари махсус ўқ-дорили қурол ёрдамида ухлатилди.
Айиқ болаларига ҳеч қандай шикаст етказилмасдан, “Ҳисор” давлат қўриқхонасининг "Танхоз" дарё бўлимига қўйиб юборилди.
Аввалроқ, Паркентда аҳоли яшайдиган ҳудудга айиқ тушиб келгани тўғрисида хабар берилганди.