Белгиланмаган жойга такроран чиқинди ташлаган фуқаронинг юк машинаси мусодара қилинмоқда

Тошкент туманида фуқаро сув бўйига "ЗиЛ" юк машинасида қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Тошкент вилояти Тошкент туманида фуқаро иккинчи марта белгиланмаган жойга қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетгани учун унинг юк машинаси мусодара қилинади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро A.T. Қорасарой маҳалласидан оқиб ўтувчи сув бўйига "ЗиЛ" юк машинасида қурилиш чиқиндиларини тўкиб кетган. Унинг бу ҳаракатлари ҳудуддаги хонадонлардан бирига ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолган.
Шу сабабли фуқаро 7 сентябрь куни БҲМнинг 5 баравари миқорида, яъни 1 млн 650 минг сўм жаримага тортилган. Орадан 8 кун ўтиб фуқаро бу ҳуқуқбузарликни такроран содир этган.
Қонунчиликка кўра, ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарлик қуроли мусодара қилиниши белгилаб қўйилган.
Шунга асосан фуқаронинг транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозир мусодара қилиш юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, судга даъво аризаси киритилмоқда.
Тошкент вилоятида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқаро жаримага тортилди