ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Марказий вокзаллар атрофида замонавий савдо мажмуалари қуриш мумкин бўлади, вокзаллардаги жойлар ижара учун аукционга чиқарилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокидаги темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, марказий вокзаллар атрофида замонавий савдо мажмуалари қуриш мумкин бўлади, вокзаллардаги жойлар ижара учун аукционга чиқарилади. Темир йўл станциялари атрофида бўш жойлар аниқланиб, логистика хизматлари ва ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилади.
"Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда “ягона дарча” тамойили орқали юк ҳужжатларини электрон расмийлаштириш, вагонларга GPS ўрнатиш ва онлайн омбор ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди", — дейилади хабарда..
“Ўзбекистон темир йўллари”нинг носоҳавий активларини қайта кўриб чиқиш, уларни сотишдан тушган маблағлар темир йўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди.
Маълумот учун, сўнгги етти йилда мамлакатда саноат корхоналари кўпайиб, 110 мингтага етди. 2 мингдан зиёд янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Экспорт ҳажми 1,6 баробар ошиб, ўтган йили 19 миллиард долларга етди. Буларнинг натижасида мамлакатимизда юк айланмаси 30 фоизга ошган.
Ўзбекистон каби дунё океанларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони йўқ мамлакатлар учун энг қулай ва арзон транспорт бу – темир йўл ҳисобланади. Лекин ҳозир ички бозорда маҳсулотнинг атиги 5 фоизи, экспортда эса 45 фоизи поездда ташилаяпти.