"Figaro": Польша Украинага жиддий зарба берди

Газета Польша ҳукумати ўз баёнотлари билан Владимир Зеленскийнинг халқаро мавқеини сусайтирди деб ҳисоблайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Польша қурол-яроғ етказиб беришдан бош тортиш билан Украинага жиддий зарба берди. Франциянинг “Le Figaro” газетаси Варшава қарорини шундай баҳоламоқда.
Қайд этилишича, Польша президенти Анжей Дуда ва бош вазири Матеуш Моравецкийнинг баёнотлари Украина ва унинг асосий иттифоқчиларидан бири ўртасидаги зиддиятни ҳаммага ошкор қилган.
Бу билан Польша ҳукумати Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг халқаро мавқеини сусайтирган ва Ғарб мамлакатлари Киевни сўзсиз қўллаб-қувватлашни бас қилиши мумкинлиги борасидаги тасаввурни уйғотган. Бу бошқа Европа мамлакатлари томонидан ёрдамнинг камайиши хавфини юзага келтиради.
Газетанинг ёзишича, қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш Польшанинг ўзининг ҳам имиджига салбий кўрсатиши мумкин. Чунки Польша Россия махсус ҳарбий операцияси бошланиши билан Киев режимининг асосий иттифоқчиларидан бири эди ва унинг ҳудудидан Киевга ҳарбий ёрдам етказилиб берилаётган эди.
“Le Figaro” Варшаванинг бундай кескин муносабатларидан бири ҳукмрон “Ҳуқуқ ва адолат” партиясининг 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарлик бўлиши мумкин деб тахмин қилган. Шу боис ҳукумат польшалик фермерларни қўллаб-қувватлаши ва ўз манфаатларини ҳимоя қила олишини кўрсатишга уринмоқда.
Аввалроқ Моравецкий энди Варшава Киевга ҳеч қандай қурол-яроғ етказиб бермаётганини маълум қилган эди. У мамлакат ўз армияси учун замонавий қурол-аслаҳа харид қилаётгани ва катта буюртма бериб бўлганини айтди.
Кейинроқ Моравецкий сўзлари юзасидан Польша ҳукумати матбуот котиби Пётр Мюллер тушунтириш берди ва мамлакат Украинага фақат илгари келишилган қуролларни етказиб бераётганига аниқлик киритди.
Анжей Дуда TVN24 телеканали эфирида Польша ҳукумати ўз армияси учун сотиб олаётган замонавий қурол-яроғларни Украинага бериш нияти йўқлигини билдирди.
Ўта хавфли —Польша президенти Украинани чўкаётган одамга қиёслади