Ўзбекистонда сўнгги 8 ой ичида неча киши овқатдан заҳарланди

Ўзбекистонда 8 ой давомида 414 киши овқатдан заҳарланган. Уларнинг 2 нафари вафот этган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистонда жорий йилнинг 8 ойи давомида 414 нафар киши овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Таъкидланишича, кейинги пайтларда республика аҳолиси ўртасида умумий овқатланиш шохобчалари, тўйхоналар, мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, уй шароитида тайёрланган, сифатсиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ гуруҳли овқатдан заҳарланиш ва “ботулизм” касалликлари қайд этилиши ортиб бормоқда.
“Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида 39 та ҳолатда гуруҳли касалланиш қайд этилди. Ундан 414 нафар фуқаро жабрланди. Жабрланганларнинг 86 нафари болалардир”, - деди Отабеков.
Унинг аниқлик киритишича, 2 нафар фуқаро эса вафот этган.
Қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг келиб чиқиши сабаблари таҳлил этилганда:
– аксарият умумий овқатланиш объектлари, нодавлат таълим муассасалари ошхоналари санитария қоида ва меъёрлари талабларига мос келмаган ҳолда фаолият юритаётганлиги (ошхоналар лойиҳа бўйича қурилмаган, асосий ва ёрдамчи цехлар ташкил этилмаган, иссиқ сув билан таъминланмаган ва ҳ.к.);
-ошхоналарнинг жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган ва мавжудлари эса маънан эскирган ёки носоз ҳолатда эканлиги;
– таом тайёрлаш учун сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлатилиши;
– умумий овқатланиш объектлари ошпазларининг кўпчилиги соҳа бўйича ўқимаганлиги, уларнинг таом тайёрлаш технологияларини, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва реализация қилиш қоидаларини билмаслиги;
– аксарият ҳолларда “Санитария минимуми” ўқув курсларида ўқимаган, санитария қоида ва меъёрлари, эпидемияга қарши элементар талабларни билмайдиган, тиббий кўрикдан ўтмаган ходимлар ишга жалб этилаётгани аниқланди.
Тошкент вилоятидаги боғчада болалар овқатдан заҳарланди — Санэпидқўмита