Ўзбекистон футзал миллий терма жамоасига бош мураббий тайинланди

Испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес билан шартнома жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Таниқли испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати хабар қилди.
Шартнома ЎФА раҳбарияти ва Хосе Венансио Лопес ўртасида ўтказилган учрашувда имзоланди.
“Аввало, Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганимдан хурсандман. ЎФА раҳбарияти мамлакатда футзал бўйича улкан лойиҳа амалга оширилаётганини айтди. Ҳозирча фақатгина ташкилий ишлар билан банд бўламан, жамоа билан Осиё кубоги саралаш босқичидан сўнг машғулотларни бошлайман. Унга қадар ҳозирги бош мураббий Баҳодир Аҳмедов жамоа билан ишлайди. Ўйлайманки, бир жамоа бўлиб ишласак, албатта, кўзланган натижага эришамиз”, - деди Хосе Венансио Лопес.
Баходир Ахмедов
Унинг сўзларига кўра, Баҳодир Аҳмедов ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритади, унинг штабида фаолият юритган барча мураббийлар ўз ишини давом эттиради. Жамоага физиотерапевт ва таҳлилчи мураббий ҳам таклиф этилади.
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг таъкидлашича, шартнома жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланди.
Равшан Ирматов
“Жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз аниқ, бироқ Осиё кубогида энг юқори мақсадни кўзлаганмиз. Шартнома жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланди. Ўйлаймизки, мундиалда муносиб қатнашамиз”, - деди Эрматов.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги футзал бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистонда бўлиб ўтади.