Қишлоқ хўжалиги вазирлиги узум нархининг ошишига оид хабарларга муносабат билдирди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: Қиммат нархлар ҳақидаги хабар асоссиз бўлиб, гибридланган ёхуд нави ўзгартирилган йирик узумларнинг нархи оддий маҳаллий навлардан нархи юқори.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда узум нархининг ошиб кетганлиги билан боғлиқ турли хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда баъзи маълумотлар охиригача ўрганиб чиқилмасдан, бир ёқлама ёндошув асосида кенг оммага тақдим этиш ҳолатлари учрамоқда. Қишлоқ хўжалиги масъуллари Тошкент шаҳри бозорларидаги узум нархларини ўрганиб чиқди.
Маҳаллий “Кишмиш” навли қора узум нархи 15-25 минг сўм атрофида, Ҳусайни узумлари эса 20-40 минг сўмгача борлиги кузатилди.
"Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўта қиммат нархлар ҳақидаги хабар асоссиз бўлиб, гибридланган ёхуд нави ўзгартирилган йирик узумларнинг нархи оддий маҳаллий навлардан нархи юқори", - дейилади хабарда.
Мисол учун, “Аватар” навли узумнинг 1 килоси 35 минг сўмдан 70-80 минг сўмгача, “Мерседес” навли узумнинг килодаги нархи 30 минг сўмдан 70 минг сўмгача эканлиги аниқланди.
Қора кишмиш ва ҳусайни узумининг нархи эса харидорлар учун мақбул нархда сотилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалганидек, барча узум навлари ҳам қиммат эмас. Истеъмол учун яроқли, таъми ширин маҳаллий “Кишмиш”, “Кетмон сопи”, “Келин бармоқ” навли узумларимизнинг нархи эса 15 мингдан 40 минг сўмгача сотилмоқда. “Тойфи” навли кузда пишиб етиладиган узумнинг нархи 10-15 минг сўм атрофида сотилмоқда.
"Нашрлар томонидан келтирилган 200 минг сўм турадиган узумга келсак, гибрид етиштирилган ва доимий истеъмолга тақдим этилган нав ҳақида сўз кетмаяпти. Кунлик истеъмол ва бошқа мақсадлар учун харид орасидаги аниқликни тўғри қўйишни сўраймиз", - дея хулоса қилинган хабарда.
Маълумот учун, республика бўйича 182,1 минг гектар (107 минг ҳосилли) токзорлар мавжуд. Шу йилнинг ўзида 2 миллион тонна узум етиштириш режалаштирилган. 2021-2023 йилларда 88,3 минг гектар, шундан 2023 йилда 14,4 минг гектар узумзорлар барпо этилди. Йил якунигача яна 28 минг гектар барпо этиш кўзда тутилган.