ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Тошкент вилоятида 115 минг тоннага яқин узум ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилган. Бу ҳақда "Узум сайли ва халқаро виночилик фестивали"да иштирок этаётган Sputnik мухбири хабар берди.
Тошкент вилоятининг Паркент тумани Заркент қишлоғида "Узум сайли ва халқаро виночилик фестивали" бўлиб ўтмоқда. Унда республиканинг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, экотуризм йўналишидаги тадбиркорлар ва турли хил табиий ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирок этмоқда.
Тошкент вилоятида 115 минг тоннага яқин узум ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилган.
© Анна Желиховская
Айтилишича, жорий мавсумда Тошкент вилоятида 115 минг тоннага яқин узум ҳосилини йиғиб олишни мўлжалламоқда.
Шунингдек, 2024-2025 йилларда 20 минг гектар майдонда узум плантациялари ташкил этилади.
“Келгуси йилларда вилоятнинг 8 та тумани – Бекобод, Паркент, Янгийўл, Зангиота, Охангарон, Тошкент, Қибрай ва Ўртачирчиқда ҳам янги плантациялар барпо этилади”, - дейилади ҳокимлик хабарида.
Натижада Тошкент вилоятида узум плантацияларининг умумий майдони 38 минг гектарга етказилади. Бу ҳосилдорликни уч баравар ошириб, 500 минг тоннани ташкил этади. Шундан 270 минг тоннаси экспорт қилинади.
Тошкент вилояти ҳокимлигига кўра, 2022 йилда 103 минг тонна ҳосил йиғилган.
Бугунги кунда Тошкент вилоятининг барча қишлоқ хўжалиги фермер хўжаликларида узум плантациялари учун 18,9 минг гектар ер майдони ажратилган. Шундан фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари 15,3 минг гектар ва 3,7 минг гектар томорқаларга эга.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятининг эко ва агротуризм салоҳиятини намоён этиш мақсадида 15-16-сентябрь кунлари “Узум сайли” халқаро фестивали ўтказилмоқда. Тадбирнинг асосий мақсади - сайёҳлар оқимини ошириш, узумчилик ва виночилик йўналишида тажриба алмашиш, эко туризм маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш ҳамда хорижий сармояларни республикага жалб қилишга қаратилган.
Аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги йил якунигача 28 минг гектар узумзор ва 8 минг гектар мевали боғлар барпо этиш режалаштирилгани ҳақида маълум қилганди. Республика бўйича 182,1 минг гектар (107 минг ҳосилли) токзорлар мавжуд. Шу йилнинг ўзида 2 миллион тонна узум етиштириш режалаштирилган.