ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик куни билан табриклади.
Ўз табрик сўзида Хитой етакчиси Ўзбекистонда ўтказилган конституцион реформани юқори баҳолади ҳамда Ўзбекистон билан муносабатларни алоҳида қадрлашини билдирди.
"Бу йил Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён алоҳида муҳим йил бўлди. Мамлакатингизда янги Конституция бўйича референдум ва муддатидан олдин Президент сайлови муваффақиятли ўтказилиб, Ўзбекистоннинг юксалиши ва бардавом тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Сизнинг раҳнамолигингиз остида Янги Ўзбекистон барпо этилишида янада катта ютуқларга эришилишига ишонаман.
Жорий йилнинг май ойида Сиз “Марказий Осиё–Хитой” саммитида иштирок этдингиз ва Хитойга давлат ташрифини амалга оширдингиз. Биз Хитой-Ўзбекистон умумий тақдир ҳамжамиятини барпо этиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришдик.
"Бир макон, бир йўл" учинчи халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун жорий йил октябрь ойида яна Хитойга келишингизни интиқлик билан кутиб қоламан.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаман. Сиз билан ўрнатилган ҳамкорлик муносабатларимиз ва шахсий дўстлигимизни юксак қадрлайман. Давлатларимизнинг ҳар томонлама стратегик шериклигининг барқарор ва изчил ривожлантириш ҳамда хитой-ўзбек ҳамжамиятининг қурилишига янги туртки бериш учун Сиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрман.
Биродар Ўзбекистон халқига фаровонлик ва бахт-саодат тилайман!" - дейилади Хитой етакчисининг табрик сўзида.