ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Россиянинг Ульяновск автомобиль заводи (УАЗ) Ўзбекистонда автомобиль йиғишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бунинг учун Тошкент вилоятидаги “Чирчиқ” технопарки майдони кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда технопарк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, технопарк ва УАЗ вакиллари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишган.
“УАЗ вакиллари Ўзбекистонда автомобиль йиғишни йўлга қўйиш ниятини билдирди ва бунинг учун технопарк майдонларини кўриб чиқмоқда”, - дейилган хабарда.
Россия заводи вакиллари делегациясига резидент мақомини олган инвесторлар учун қандай имкониятлар мавжудлиги сўзлаб берилган.
Аввалроқ “АвтоВАЗ” бош директори Максим Соколов компания Ўзбекистонда автомобиль йиғишни йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилгани хабар қилинган эди.
Ульяновск автомобиль заводи (УАЗ) 1941 йилда ташкил этилган. УАЗ савдо маркаси остида юқори ўтиш қобилиятига эга тўлиқ ғилдиракли енгил ва кам тоннали юк-йўловчи автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2000 йилдан SOLLERS автомобиль концерни таркибига киради.