Миллий тарих, миллий маданият, миллий тил билан фахрланиш — ҳар бир халққа хос хислат, чунки аждодлар меросини улуғлаш орқали миллатлар ўзларини буюкларнинг вориси сифатида тақдим қиладилар. Буни тўғри тушуниш керак. Аммо ўтмиш билан фахрланиш зинҳор қуруқ мақтов, манманликка айланиб кетмаслиги лозимки, ортиқча улуғлашдан туғиладиган манманлик камида бошқа халқларни камситишга сабаб бўлади, кўпи билан эса ўша халқларнинг ҳақиқатни кўрар кўзини хира торттиради. Бундай тутум ҳатто илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшган алломаи замонларни ҳам адаштирганлиги тарихдан маълум. Масалан, тилшуносликда тилларни типологик таснифлаш амалиёти бор. Бунда муайян тиллар ривожланган, муайян тиллар эса қолоқ, шаклланмаган тилларга ажратилади. Назарий тилшуносликнинг асосчилари ҳисобланадиган бир қатор немис тилшуносларида тилларга менсимай қараш, ўз тилини бошқа тиллардан юқори қўйишдек тутум кузатилади. Масалан, хитой, бирма тилларини аморф, яъни шаклсиз, шаклланмаган тил деб баҳолашда шундай муносабат аниқ сезилади.
Биз бежиз гапни фан тарихидан бошламадик. Негаки немис файласуфи Гегел ўз асарларидан бирида “икки қарама-қарши маънони икки сўз билан эмас, балки битта сўз билан ифодалаш жиҳатидан немис тили бошқа тиллардан устундир”, деган даъво билан чиққан эди. Бошқа тилларни яхши билмай туриб бундай дейиш, албаттаки, нодуруст тутум, ғалат таъбирдир. Зеро, дунёдаги аксарият тилларда икки зид маънони бир сўз билан ифодалаш имкони мавжуд. Цицероннинг Рим императори Октавиан тўғрисида лотин тилида жаранглаган қуйидаги қайди Гегелнинг юқоридаги иддаосини инкор эта олади: “tollendum esse Octavium”: жумладаги tollendum сўзидаги қарама-қарши маънолар ҳисобига ҳам “Октавианни янада (мартабага) кўтариш керак”, ҳам “Октавианни мартабасидан тушириш керак” мазмуни англашилади.
Битта сўзнинг икки зид маънога эга бўлиши тилшунослик фанида энантиосемия, шундай маъноли сўзлар энантиосемик сўзлар деб юритилади. Энантиосемик сўзлар халқ ҳаётида юз берган ўзгаришларни тарих китобларидан-да аниқроқ акс эттиради. Бу галги мақоламизда ана шундай қизиқ тарихли сўзлар ҳақида фикрлашамиз.
Кир
Бу сўзнинг бизни қизиқтирган дастлабки маъноси “ювиладиган, ифлос бўлган кийим-кечак ва бошқа буюмлар”дир. Масалан: Орифжон пайпоқни ўзи ювади, бошқа кирлар хотинининг бўйнида (Саид Аҳмад, Пайпоқ) Кир сўзи бу маънода маълум муддат қўлланган ва маъно тараққиётига учраган, яъни яна бир маънога эга бўлган ва “ювилган, тоза кийим-кечак ва бошқа буюмлар”ни ҳам ифодалай бошлаган. Масалан: Бирин-кетин келинлар чиқиб ҳовлини йиғиштира бошлайдилар. Бири дордан кирларни олади, бири чорпояга жой қилади (Саид Аҳмад, Келинлар қўзғолони),
Диққат қилинса, кир сўзида ўзаро қарама-қарши “ювиладиган, ифлос бўлган кийим-кечак ва бошқа буюмлар” ҳамда “ювилган, тоза кийим-кечак ва бошқа буюмлар” маънолари юзага келган. Демак, Гегель немис тилидагина мавжуд деган энантиосемиклик ўзбек тилида ҳам бор экан.
Битта сўзнинг икки зид маъноларга эгалиги ўзбек тилида қадимдан бўлган. Ўзбек тили эгалари бир сўз билан икки қарама-қарши маънони ифодалашнинг эпини топа олган, бир сўзга икки зид маънони жойлашни қадимдаёқ ўрганиб олганлар. Маҳмуд Кошғарий бобомиз ўзининг “Девону луғотит турк”ида ўт сўзининг ҳам “заҳар”, ҳам “дори-дармон” маъноларини билдиришини қайд қилиб ўтган. Яна шундай сўзлардан бир нечасини таҳлилга тортамиз.
Ўр
Ушбу сўз ўзбек тилининг қадим даврларида “баландламоқ, кўтарилмоқ” маъносини билдирадиган феъл сўз бўлган. Масалан: bulit örüp kök örtüldi – булут кўтарилиб, осмонни қоплади (Қадимги туркий луғат, 388-бет). Кейинроқ от туркумига оид сўз сифатида “баландлик, тепалик” маъносида қўлланишга ўтган: Қамуғ эрдами бўлса ерда ўру, Будунқа берур бўлса эдгу тўру (Юсуф Хос Ҳожиб, Қутадғу билиг) Алишер Навоий ҳам ўр сўзини “баландлик, тепалик” маъносида қўллаган: Йўли ўр, юқоридур тоши малсо, Қуйироқдур киши бир гомин олсо (“Фарҳод ва Ширин”дан).
Вақт ўтиши билан ўр сўзи маъно тараққиётига учраган ва унда “чуқурлик, ўра” маъноси юзага келган. Доно халқимиз шу маънони фаоллаштириб, “Ўзим деган ўрдан чиқмас” мақолини ҳам ижод қилган. Мазкур маъно ХХ аср ўзбек тилига ҳам етиб келган: Фронт орқасида ўр қазиб турганда, Мулла Обиддан ўттиз метрча нарига бир катта тўп ўқи тушиб, қаттиқ товуш чиқариб ёрилади (Абдулла Қодирий, Обид кетмон).
Демак, ҳозирги ўзбек тилида ўр сўзи “баландлик, тепалик” ва “пастлик, чуқурлик” маъноларига эга экан. Мазкур сўзнинг қарама-қарши маъноларини янада аниқроқ тасаввур қилиш учун тағин икки мисолни келтирамиз. Қиёсланг: Бордию арқон солди, У зимзиё чуқурдан, Қабрдай қўрқинч ўрдан Ойгулни тортиб олди. (Ҳамид Олимжон, Ойгул билан Бахтиёр) Ўзига қолса, шаҳар деб, қир ошиб, ўр ошиб ўтирмасди-ю...(Н.Норқобилов, Бекатдаги оқ уйча).
Оғмоқ
Ҳозирги ўзбек тилида бу сўзнинг 10 та маъноси бор. Бизни бу маъноларнинг иккинчиси – “пастга сирғалиб, осилиб тушмоқ” қизиқтиради. Бу маъно ифодаси учун қуйидаги мисолни келтирамиз: Хуррамшоҳ инграб, камонини қўлидан тушириб юборди ва эгардан оғиб туша бошлади. (Пиримқул Қодиров, Юлдузли тунлар) Халқ тилида юрадиган “кун оғди”, “қуёш оғди” каби иборалар орқали ҳам “қуёшнинг тик ҳолатдан пастлаши” назарда тутилади: Чинорли қояга етиб келганимизда кун анча оғиб қолган эди. (Ўлмас Умарбеков, Севгим-севгилим…) Қара, қуёш уфққа оғиб бормоқда, соялар узайиб, булутларнинг ости қизариб, аср вақти кириб келмоқда (Исажон Султон, Озод).
Қизиғи шундаки, оғмоқ сўзининг энг биринчи маъноси бугунги кунгача етиб келмаган, шунинг учун замонавий изоҳли луғатларда қайд этилмаган. Тилимизнинг қадимги даврларида оғмоқ сўзи ағмоқ шаклида бўлган ва юқоридаги маъносига зид ўлароқ, “юқориламоқ, кўтарилмоқ”ни билдирган. Масалан: Бурун ағды – Бурун (юқори) кўтарилди. (Маҳмуд Кошғарий, Девону луғотит турк). Инигли ағар ул, ағиғли инар, Яруғли тунар ул, юриғли тинар – Тубан юксалар, юксак эса тушар, Ёруғ кун тунар ҳам юрувчи тинар. (Юсуф Хос Ҳожиб, Қутадғу билиг). Кунлардан бир кун Расул алайҳиссалом тонг намозини ўтаб, минбарға оғиб, саҳобаларға ваъз ва насиҳат қилди – Кунлардан бир кун Расул алайҳиссалом бомдод намозини ўқиб, минбарга кўтарилди ва саҳобаларға ваъз ва насиҳат қилди (Рабғузий, Қисаси Рабғузий).
Демак, ағмоқ/оғмоқ сўзи қадим тарихда “кўтарилмоқ, юксалмоқ” маъносини билдирган. Ҳозирги ўзбек тилига эса унга зид “пастламоқ, паст томонга сирғалмоқ” маъносида етиб келган.
Дори
“Даволаш воситаси, дори-дармон” маъносини билдиради. Масалан: Дўхтир дори берган. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетадилар. (Тоҳир Малик, Шайтанат) Дори сўзи ўзбек тилида дастлаб фақат шу маънони ифодалаган. Кейинчалик унда маъно тараққиёти юз берган ва “заҳар”, “наркотик модда” маъноларига эга бўлган. Масалан, “Бой атайин дори бериб қўйган эмиш деб эшитдик (С.Зуннунова. Олов)” жумласида “заҳар” маъносида қўлланган. Дори ўзагига -ла ясовчисини қўшиб, дорила сўзи ясалган ва бу ясалишда дори сўзи “заҳар” маъносида қатнашган. Ҳозирги ўзбек адабий тилида дориламоқ сўзи “экинларга заҳарли дорилар билан ишлов бермоқ” маъносини билдиради (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 1-жилд, 2020, 647-бет).
“Ҳожи бобо ҳар кишининг ўз моясига яраша қоғозга ўралган “дори”сини қўлларига бериб чиқди (Ғафур Ғулом, Шум бола)” жумласида “наркотик модда” маъносида келган.
“Ифлос! Ичдингми? Ё яна дори едингми? Қани, менга қара! (Ўлмас Умарбеков, Фотима ва Зуҳра)” жумласида ҳам “қорадори” маъносини билдириш учун ишлатилган.
Дори сўзининг “наркотик модда”, “қорадори” маъноси арготик характерда бўлиб, кўпинча нашавандлар, ўғри ва маҳбуслар нутқида қўлланади.
Баҳосиз
Бу сўз баҳо сўзига -сиз қўшимчасини қўшиб ясалган сифат сўздир. Баҳосиз каломи дастлаб “қадр-қиммати йўқ, ҳеч нарсага арзимайдиган” маъносини ифодалаган. Масалан: Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар, Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку (Чўлпон, Қаландар ишқи) Мазкур байтда шоир “бу ўткинчи дунёни деб ҳақиқий, боқий дунёни “арзимаган, қийматсиз” пулга сотдим”, демоқда.
Кейинчалик баҳосиз сўзида маъно тараққиёти юз берган ва “баҳоси, қадр-қиммати баланд, баҳосини ҳеч бир нарса белгилаб бўлмайдиган” маъносига эга бўлган. Масалан: Оғзаки халқ ижодиётининг ёзма адабиётга таъсири, айниқса, катта ва баҳосиздир (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 1-жилд, 2020, 196-бет)
Кўриниб турибдики, баҳосиз сўзида икки қарама-қарши маъно бор: баҳоси, қадр-қиммати йўқ, ҳеч нарсага арзимайдиган – баҳоси, қадр-қиммати баланд, баҳосини ҳеч бир нарса белгилаб бўлмайдиган. Бебаҳо сўзида ҳам худди шундай қарама-қарши маънолар бор.
Қизиғи шундаки, бу каби зид маънолар рус тилида “бесценный” сўзи билан ифодаланади. Бесценный: "не имеющий никакой цены" и "имеющий очень высокую цену" (Крысин Л.П. Энантиосемия // Толковый словарь иностранных слов. – М.: Русский язык, 1998).
Аввалги материаллар: