ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2023-2024 ўқув йили учун 193 мингдан зиёд абитуриент талабаликка тавсия этилди. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижаларига кўра 193 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди.
Шундан:
42 655 нафари — давлат гранти;
150 766 нафари — тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган.
Талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти:
Кундузги таълим шакли — 129 927 нафар;
Сиртқи таълим шакли — 49 852 нафар;
Кечки таълим шакли — 10 752 нафар;
Масофавий таълим шакли — 2 890 нафар.
Танлов натижаларига кўра давлат гранти асосида ўртача балл 119,3, тўлов-контракт асосида ўртача балл 93,3 га тенг бўлган.
Талабаларнинг 13,5 минг нафарга яқини қўшимча қабул параметрлари, 180 минг нафарга яқини умумий қабул параметрлари доирасида талабаликка тавсия этилди.
Талаба бўлган абитуриентлар:
ногиронлиги бўлган шахслар — 3,5 минг нафар;
“Меҳрибонлик” уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар, SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар — 261 нафар;
муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлганлар — 4,2 минг нафар;
ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари — 2,1 минг нафар;
Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари — 720 нафар;
эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар — 1,9 минг нафар;
камида 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар — 351 нафар.
Эслатиб ўтамиз, абитуриентлар учун якуний танлов натижалари (мандат) 22 август куни эълон қилинди. Тест синовлари ҳудудлардаги абитуриентлар сони ва имтиҳонлар ўтказиладиган биноларнинг сиғимига қараб 11 кундан 13 кунгача давом этди.