Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2022 йилда қанчани ташкил этди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига 29,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизни ташкил этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. 2022 йил якуни бўйича Ўзбекистон давлат ташқи қарзи 25,9 млрд долларни, давлат ички қарзи эса 3,3 млрд долларни ташкил этди. Бу рақамлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи"да келтирилган.
“Хусусан, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2021 йил бошида 39,0 фоиздан (2021 йил якунида – 38,0 фоиз) 2022 йил якунига қадар 36,4 фоизгача пасайди”, - дейилади шарҳда.
Қайд этилишича, давлат қарзи 2022 йил давомида 2,9 млрд долларга ошган бўлса-да, доллар ҳисобида ялпи ички маҳсулот тез суръатда, яъни 11,1 млрд долларга ўсгани туфайли давлат қарзининг ЯИМга нисбати пасайган.
Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатлар иқтисодиётига бағишланган ҳисоботи бўйича Ўзбекистоннинг давлат қарзи бугунги кунда "мўътадил" даражада ҳисобланади.
“Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги керак.