Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири қатор ҳамкасбларини кўкрак нишони билан тақдирлади

Туркий давлатлар вакилларини вазир Амрилло Иноятов “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 август — Sputnik. Самарқанд шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг соғлиқни сақлаш вазирлари йиғилиши ва Туркий дунё тиббиёт Конгрессида вазир Амрилло Иноятов бир қатор нуфузли меҳмонларни кўкрак нишони билан тақдирлади. Бу хақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонлари меҳмонларга давлатлараро тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун берилди.
“Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар:
Кубаничбек Омуралиев - Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби;
Фаҳреттин Кожа - Туркия Республикаси соғлиқни сақлаш вазири;
Теймур Мусаев - Озарбайжон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири;
Тилек Мамадалиев - Қирғиз Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари;
Ажар Гиният - Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири;
Марсел Миннуллин - Татаристон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири.
Ўзбекистон-Туркия тиббиёт форуми давомида мамлакатлар ўртасида соғлиқни сақлаш йўналишидаги алоқалар ўзаро қардошлик ва ишонч руҳига асослангани таъкидланди. Ушбу ҳамкорликни соҳалар кесимида ривожлантиришни кўзда тутувчи қатор меморандум ва келишувлар ҳам имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, авввалроқ Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланганди.