Журналистларга тан жароҳати етказилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди — ИИВ

ИИВ: Жиноят кодексининг "Безорилик" моддаси жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Журналистларга тан жароҳати етказилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, “Zoʼr ТV” телерадиокомпанияси ходимларига тан жароҳати етказилганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"Тергов ҳаракатлари ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан олиб борилмоқда", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча ижтимоий тармоқларда "Кўприкқурилиш" трести УК томонидан амалга оширилаётган Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгич қурилиши объектида "Zо‘rTV" телеканали мухбири ва тасвирчиси ҳақоратлангани ва уларга куч ишлатилгани акс этган видео тарқалган эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) журналистлар камераси синдирилиши ва калтакланиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилган.
Кеча "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ журналистларга тўсқинлик қилган кўприк қурилиш колмпанияси иш бошқарувчисини ишдан бўшатди.