ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) турли ёт ғояларга ҳамкорликда курашишга келишиб олди, дея хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва БААнинг Экстрeмизм ва зўравон экстрeмизмга қарши курашиш бўйича “Ҳидоя” халқаро тадқиқот маркази ижрочи директори Аҳмад Ал-Қосимий ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Учрашувда томонлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликка оид англашув меморандуми имзоланди.
“Ҳидоя” маркази директори сўзларига кўра, икки томонлама ҳамкорликка оид Англашув меморандумининг имзоланиши икки мамлакат ўртасида диний-маърифий соҳадаги муштарак алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшади. Хусусан, глобаллашув даврида турли ёт ғояларга ҳамкорликда курашиш, тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш ҳамда ижобий натижалар кўрсатишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда қайд этилишича, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва ақидапарастликка қарши кураш борасида БАА билан ҳамкорлик ўзининг ижобий натижаларини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш соҳасида БАА билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлгани маълум қилинган эди. Ўзбекистон Бош консуллиги ва "Дубай аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш жамғармаси" ўртасида одам савдоси қурбони бўлган аёллар ҳамда ундан жабр кўрганларни ҳимоя қилиш мақсадида икки томонлама Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишиб олинган.