ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Қозоғистонда вейп (электрон сигарета)ларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари – молия вазири Ерулан Жамауаев маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, у мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вейпларни тақиқлаш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
“Биз вейплардан фойдаланиш оқибатларини ҳатто тўлиқ тушунмаймиз. Агар фарзандларимиз истеъмол қилса, бу миллий хавфсизлик масаласи. Шу боис тўлиқ тақиқлаймиз ва вейп савдоси ўсишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрамиз”, - деди Жамауаев. Унинг сўзларидан Sputnik Қозоғистон иқтибос келтирган.
Вазирлик қўшимча қилишича, ҳозир депутатлар таътилда. Улар таътилдан қайтиши билан бу қонун лойиҳаси кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда "Миллий тикланиш" демократик партияси Ўзбекистонда электрон сигареталарни тақиқлашни таклиф қилган эди.
Мамлакатда тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун қабул қилинган. Унга кўра, тамаки маҳсулотларини 21 ёшга тўлмаган шахсларга, доналаб ёки очилган, истеъмол ўровида (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамакини сотиш тақиқланади.
Тамаки маҳсулотларининг рағбатлантирувчи, тетиклаштирувчи, шифобахш, ёшартирувчи ёки бошқа ижобий самарага эга эканлиги ҳақида бевосита ёки билвосита тасаввур ҳосил қиладиган ахборотни жойлаш тақиқланади.
Тамаки маҳсулоти қутисида (ўрамида) маҳсулотни истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги матн ва расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлиши шарт.
Янгиланган "Реклама тўғрисида"ги қонунга кўра, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш тақиқланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти электрон сигареталар оддий сигареталар каби саломатлик учун хавфли эканлигидан огоҳлантиради. Электрон сигареталарни чекиш пайтида чиқадиган моддалар одатда никотин ва бошқа заҳарли моддаларни ўз ичига олади. Ундай моддалар ҳам чекувчи, ҳам ҳаводаги аерозолларни нафас оладиган чекмайдиган одамга зарар етказади.
Чекиш аралашмалари учун электрон етказиб бериш мосламаларидан суюқлик оқиши жиддий хавф туғдириши мумкин, бунинг оқибатида заҳарли суюқлик боланинг терисига ёки организмига тушиши мумкин.