Россияда ишлаётган мигрантлар ёрдам учун кимга мурожаат қилиши мумкин?

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Йиғма таҳлил бошқармаси бошлиғи Россияда ишлаётган мигрантлар ёрдам учун кимга мурожаат қилиши ҳақида маълумот берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Россияда қийин аҳволга тушиб қолса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарига, шунингдек, республиканинг Россиядаги консулликларига, элчихоналарига, Ташқи меҳнат миграцияси агентилиги билан ҳамкорлик шартномаларига эга кўплаб ваколатли органларга мурожаат қилиш мумкин, деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Йиғма таҳлил бошқармаси бошлиғи Азим Аҳматов.
Ташқи меҳнат миграция агентлигининг 19 та мамлакатда ваколатхоналари бўлса, шундан 16 таси Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келади. Чунки ҳудуднинг катталиги, меҳнат мигрантларининг кўплиги сабабли бу масалада ҳам алоҳида ёндашилиб, уларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам кўрсатиш механизмлари йўлга қўйилган.
Мабодо меҳнат мигранти Россияда қийин аҳволга тушиб қолса, агентлигимизнинг ваколатхоналарига, шунингдек, республиканинг Россиядаги консулликларига, элчихоналарига, Ташқи меҳнат миграцияси агентилиги билан ҳамкорлик шартномаларига эга кўплаб ваколатли органларга мурожаат қилиши мумкин.
Иккинчидан, Россиянинг чекка ҳудудларида вақтинча меҳнат қилаётган мигрантлар "Роструд" - Россия давлат ташкилоти ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2022 йилда Россиянинг “Роструд” ташкилоти билан меморандум имзоланди. Ушбу шартномада меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси ҳузурида мигрантлар билан ишлаш бўйича алоҳида марказ ташкил қилинган. Шу билан бирга агентлик томонидан 18 та юридик адвокатлар билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган алоҳида Call-маркази бор. У орқали доимий мурожаатлар қабул қилинади.
Мисолларда келтирадиган бўлсам, яқин кунларда бўлган ҳолат: ўзбекистонлик меҳнат мигранти иш жараёнида жабрлангани, майиб бўлгани сабабли, унга 700 минг рублдан кўпроқ компенсация пули ундириб берилди.
Бундан ташқари, ўрнатилган қонунчилик талабларидан ташқари, ушбу мигрант Ўзбекистонда бўлса ҳам ўрнатилган тартибда умри давомида банк картасига ойма-ой компенсация пули туширилишига эришилди.
Мавзуга доир материаллар:
“Загранпаспорт” йўқолганда Ўзбекистонга қандай қайтиш мумкин? — эксперт жавоби
Мигрантлар энг кўп сўраган саволларга жавоблар
Мигрантлар оила аъзолари учун қандай имтиёзлар бор?