Мигрантлар энг кўп сўраган саволларга жавоблар
22:12 18.07.2023 (янгиланди: 09:36 20.07.2023)
© Sputnik / Алексей Филиппов
/ Oбуна бўлиш
Патент олиш, паспорт йўқолганда кимга мурожаат қилиш, оила аъзоларига учун имтиёзлар — ушбу ва бошқа меҳнат мигрантлари энг кўп сўрайдиган саволларнинг жавоблари.
Сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистонда меҳнат мигратларини қўллаб-қувватлаш учун давлат миқёсида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, қатор қонунлар қабул қилинди.
Sputnik мигрантлар энг кўп сўрайдиган саволларга жавоб олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Йиғма таҳлил бошқармаси бошлиғи Азим Аҳматовга мурожаат қилди.
1. Мигрантлар оила аъзолари учун қандай имтиёзлар бор?
Агарда меҳнат мигрантининг оиласи ижтимоий ҳимоя реестрида турса, оиласига ҳоким ёрдамчиси тавсиясига кўра, БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, агар мигрантнинг ногирон оила аъзоси бўлса, уларга зарур воситаларни харид қилиш учун беғараз ёрдам бериш йўлга қўйилган. Воситаларни сотиб олиш учун оиласига БҲМнинг беш баровари миқдорида моддий ёрдам ажратилади.
Шунингдек, мигрантнинг ўзи билан бирга яшайдиган пенсионер ота-онаси ёки оиласида ногирон бўлса, Касаба уюшмаси федерацияси қошидаги санаторийларга бир йилда бир марта дам олиш учун йўлланма берилади.
Ёшлар етакчиси тавсиясига асосан, мигрант фарзандларини оромгоҳларга бепул йўлланмалар билан таъминлаш йўлга қўйилган.
2. Ҳужжат йўқолганда Ўзбекистонга қандай қайтиш мумкин?
Фуқаро “қизил паспортини”, миграция варақасини, патент ҳужжатларини йўқотган тақдирда, ўз биометрик паспорти билан Ўзбекистонга қайтиб кела олади. Лекин инобатга олиш керакки, агарда фуқаро йўқолгандан сўнг тез фурсатда ҳужжатларни тиклаш учун консуллик муассасалаларига, патент ҳужжатларини қайта расмийлаштириш учун тегишли миграция хизмат органларига мурожаат қилмаса, яъни норасмий тартибда бўлса, чиқиб кетишгача бўлган даврда Россия ички ишлар органларининг рейдлари давомида ҳужжатлари йўқлиги аниқланса, унга нисбатан 5000 мингдан 7000 минг рублгача бўлган маъмурий жарима чораси қўлланилиши мумкин.
3. Россияда ишлаётган мигрантлар ёрдам учун кимга мурожаат қилиши мумкин?
Ташқи меҳнат миграция агентлигининг 19 та мамлакатда ваколатхоналари бўлса, шундан 16 таси Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келади. Чунки ҳудуднинг катталиги, меҳнат мигрантларининг кўплиги сабабли бу масалада ҳам алоҳида ёндашилиб, уларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам кўрсатиш механизмлари йўлга қўйилган.
Мабодо меҳнат мигранти Россияда қийин аҳволга тушиб қолса, агентлигимизнинг ваколатхоналарига, шунингдек, республиканинг Россиядаги консулликларига, элчихоналарига, Ташқи меҳнат миграцияси агентилиги билан ҳамкорлик шартномаларига эга кўплаб ваколатли органларга мурожаат қилиши мумкин.
Иккинчидан, Россиянинг чекка ҳудудларида вақтинча меҳнат қилаётган мигрантлар "Роструд" - Россия давлат ташкилоти ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2022 йилда Россиянинг “Роструд” ташкилоти билан меморандум имзоланди. Ушбу шартномада меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси ҳузурида мигрантлар билан ишлаш бўйича алоҳида марказ ташкил қилинган. Шу билан бирга агентлик томонидан 18 та юридик адвокатлар билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган алоҳида Call-маркази бор. У орқали доимий мурожаатлар қабул қилинади.
Мисолларда келтирадиган бўлсам, яқин кунларда бўлган ҳолат: ўзбекистонлик меҳнат мигранти иш жараёнида жабрлангани, майиб бўлгани сабабли, унга 700 минг рублдан кўпроқ компенсация пули ундириб берилди.
Бундан ташқари, ўрнатилган қонунчилик талабларидан ташқари, ушбу мигрант Ўзбекистонда бўлса ҳам ўрнатилган тартибда умри давомида банк картасига ойма-ой компенсация пули туширилишига эришилди.
4. Патент олиш борасида енгиллик бўладими?
Патент бу мигрантларнинг Россиядаги меҳнат фаолиятини расмийлаштирувчи рухсатнома ҳужжат. Уни олиш учун асосий талаблар бор. Шу талаблардан келиб чиқадиган ҳужжатларнинг кўп қисмини Ўзбекистоннинг ҳудудида йиғиш имкониятига эга бўлдик.
Бунинг учун Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Россия кўп тармоқли миграция марказининг филиали ташкил этилди. Филиал орқали патент учун талаб қилинадиган ҳужжатларнинг асосий қисмини тайёрлаб бериш имконияти бор. Яъни бу рус тилини билиш даражаси, рус тарихи бўйича сертификатлар олиш, паспортларни расмийлаштириш ва ҳоказо.
Содда қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида бу ҳужжатларнинг йиғма жилдини тайёрлаган ҳолда тўғри Россиянинг кўп тармоқли миграция марказига борилади. Россия ҳудудида фақат тиббий кўрикдан ўтгандан сўнг патент ҳужжати қўлига берилади. Бу меҳнат мигрантлари вақтини тежайди.
5. Россиядан бошқа яна қаерларга ишлаш учун бориш мумкин?
2023 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Ўзбекистон фуқаролари нафақат Россияга, балки Буюк Британия, Руминия, Германия, Болгария, Туркия, Польша каби давлатларга юборилди. Бу каби ишлар тизимли давом этмоқда. Бунинг натижасида фуқароларимизни юқори малакали касбларга ҳам йўналтириш амалиёти йўлга қўйилган.
Бунинг учун Бандлик вазирлиги ҳузуридаги бир нечта касбга ўқитиш марказларига фуқароларни йўналтириб, малакаларини ошириш амалиёти йўлга қўйилган. Кейинги йилларда 32 та давлатнинг 536 та йирик иш берувчилари ва рекрутинг агентликлари билан шартномалар тузилди. Иш берувчиларининг талабларига жавоб берган ҳолда ишга жалб қилиняпти.
6.Хорижда оғир аҳволга тушиб қолганда кимга мурожаат қилиш керак?
Фуқаро хорижда оғир вазиятга тушганда аввало элчихона, консуллик идоралари ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ва вакилликларига мурожаат қилиши керак бўлади. Уларга тезкор ёрдам кўрсатиш чоралари кўриб борилади.
Фуқаролардан бир нарсани сўраб қолган бўлардим: агар хорижда ишлашни мақсад қилдингизми, кетишдан олдин биринчи ўринда тайёргарлик кўриш лозим.
Тайёргарлик нимадан иборат: ён дафтарига энг яқин шаҳардаги Ўзбекистон элчихонаси ёки консулхонаси, Миграция агентлиги ваколатхоналари манзили, телефон рақамлари тўғрисида маълумотларга эга бўлиш керак. Россиядаги мигрантларнинг кўплигидан келиб чиқиб, алоҳида колл-маркази яратилганини айтаман.
Маълумот ўрнида, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия, Туркия, Корея ва Қозоғистонда ваколатхона ва вакилликлари бўлиб, тўғридан-тўғри уларга мурожаат қилиш мумкин. Зарур контактлар доим агентликнинг саҳифаларида ёритиб борилади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қандай ташкилот?
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги давлат ташкилоти. У Ўзбекистон фуқароларига чет элда ишга жойлашишга кўмаклашиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар оғир вазиятга тушиб қолганда ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2022 йил 1 март санасида қабул қилинган 149-қарори билан хориждаги меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий давлатларда ташқи меҳнат миграция агентлигининг ваколатхоналари кўпайтирилди ва бугунги кунгача уларнинг сони 19тага етди.