Мисрдан Ўзбекистонга гепатит C га қарши дорининг навбатдаги партияси олиб келинди

Дориларни Вирусология илмий-текшириш институти беморларга тақсимлаб беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Миср ҳукумати Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратган гепатит С га қарши “Даклатасвир” дори воситасининг ўнинчи қисми Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Жами 114 та қутида 3 минг донадан ортиқ дори воситалари келтирилган. Уларни Ўзбекистон ССВ ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти беморларга тақсимлаб беради.
Миср инсонпарварлик ёрдамини Ўзбекистон президентининг 20–21 февраль кунлари бу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида кўрсатмоқда.
Ўзбекистон раҳбари ўзининг сайловолди дастурида гепатит C касаллиги 100 фоиз давлат ҳисобидан даволанишини маълум қилган.
2021 йилда Ўзбекистонда гепатит С ни бартараф этиш бўйича миллий дастур ишга туширилган. Дастур мақсади – 2030 йилгача мамлакатда гепатит С билан касалланишни йўқ қилиш.
Аҳоли гепатит В ва С турларига скрининг текширувдан ўтказилади
Гепатит С хавфлилиги нимада, у одатда қандай юқади ва қайси ҳолларда касалликни даволаш қийин - Вирусология институти директори Эркин Мусабаевнинг Sputnik мухбирига берган интервьюсида шу саволларга жавоб топишингиз мумкин.