"Яқинлашсанг, яна отаман деди": яраланган экология инспектори

Қоровулбозор тумани экология бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳожиев ҳодиса тафсилотларини Sputnik мухбири сўзлаб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июль – Sputnik. Аввалроқ браконьер Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани экология бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳожиевга ўқ узиб, уни ярадор қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Sputnik мухбири Мирали Ҳожиев билан боғланиб, воқеа тафсилотларини сўради.

“Шу йилнинг 13 июль куни соат 20:00 ларда бир неча ходимлар билан навбатдаги рейд тадбирларини ўтказиш учун чиқдик. Даладаги кўлмак атрофида нимадир шубҳали қимирлади. Нима борлигини билиш мақсадида тушдик. Бир киши туриб қочиб кетди, қўлида милтиқ бор эди. Тўхта, деб чақирдик, у эса орқасига қарамай қочди. Унинг шериги ҳам қочиб кетди. Тўхта-тўхта дейишимизга қарамасдан, у милтиқдан ўқ отди, қўлимга тегди. Овчи “яқинлашсанг, яна отаман, кет ҳамманг” деб айтди. Биз ўз машинамизга қараб юра бошладик, улар мотоциклга миниб қочиб қолишди”, - дея эслайди экология инспектори.

Ҳожиевнинг айтишича, сўнгра улар ички ишлар ходимларига мурожаат қилишган. Ходимлар келиб воқеа жойини кўздан кечиришган ва жайрон шохини топишган.

“Улар турган жойларда жайронлар келиб сув ичишади. Тахминимизча, улар жайронларни овлаш учун юлғунлар орасида жой тайёрлаётган бўлишган”, - дейди Ҳожиев.

Экоинспектор воқеадан кейин аҳволи қандайлиги хусусида ҳам маълумот берди.

“Шу куни биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди. Суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказилди. Рентген текширувларидан ўтдим. Шифокорлар вақтида ёрдам кўрсатишди. Жароҳат катталашиб кетишининг олди олинди. Шишлар бироз қайтди, мана энди ишга чиқяпман”, - дейди экология посбони.

Бош прокуратура экоинспекторга ўқ узган шахслар аниқлангани ва улардан 2 дона ов қуроли олиб қўйилгани ҳақида маълум қилди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида бошқа бир экоинспектор ҳам хизмат вақтида яраланган эди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси Бекобод шаҳар бўлими бошлиғи, давлат инспектори Муҳаммаджон Фозилов хизмат вазифасини бажараётган вақтида пичоқланган эди.