ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. 11 июлдан республика ҳудуди бўйича термик депрессия кузатилди.
Ўзгидрометнинг аниқлик киритишича, бу одатда Ўрта Осиёнинг барча ҳудудлари бўйича энг иссиқ об-ҳаво даври билан боғлиқ бўлган синоптик жараёндир. Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ тропик ҳавонинг кириб келиши кучайди.
Термик депрессиянинг давомийлиги 2−3 кундан 5−7 кунгача ўзгариб туради, айрим йилларда эса 1,5−2 ҳафтагача сақланиб туриши мумкин.
11-13 июль кунлари иссиқ максимал кўрсаткичларига етди. Ҳаво ҳарорати +40…+42 даражагача, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида +43…+45 даражагача, Қизилқум чўлининг ғарбида баъзи жойларда 46 даражагача кўтарилди.
11-13 июль кунлари иссиқ максимал ривожланиш кўрсаткичлари
© Узгидромет
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар йили бунга яқин максимал ҳарорат қийматлари кузатилмоқда. Бироқ ўтган йилларда республика ҳудуди бўйича ўрнатилган мутлақ максимал ҳарорат тенгсиз бўлиб қолди.
Таъкидланишича, кучли иссиқ давр узоқ давом этмади. 13 июлдан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келиши бошланди ва ушбу ҳудуд бўйича ҳарорат 5−7 даражага пасайди.
12 июлда Қорақалпоғистон Республикаси, 13 июлда Хоразм вилояти ва Навоий вилояти ғарбий туманларида иссиқ заифлаша бошлади. Ҳаво ҳарорати 5−7 даражага пасайди.
Республиканинг қолган ҳудудларида 14 июлдан ҳарорат пасайишни бошлади. Жума куни кундузи максимал ҳарорат +34…+39 даражани ташкил этади, Сурхондарё вилоятининг жанубида +41…+43 даражагача бўлади.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +33…+38 даражадан ошмайди, фақат баъзи жойларда +39…+40 даражага етади. Кейинги ҳафтанинг бошида ҳаво ҳарорати бироз кўтарилади, аммо бу кўтарилиш яна қисқа муддатли бўлади.