ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё филиалида 2 нафар беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, яккабоғлик 34 ёшли бемор аёл Қ.О. 2015 йилдан бери сурункали гломерулонефрит бўйича даволаниб келган. 2016 йилдан бери гемодиализ муолажалари олишга мажбур бўлган аёлга опасининг бир буйраги кўчириб ўтказилди.
Шунингдек, нишонлик 33 ёшли бемор эркак П.А. йил бошидан бери гемодиализ сеансини олиб келган. Беморга акаси донорлик қилди.
Қайд этилишича, айни пайтда иккала бемор ва донорларнинг аҳволи яхши. Кўчириб ўтказилган буйраклар меъёрда ишлаяпти. Даво муолажалари стандарт асосида давом эттирилмоқда.
Операцияларни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят филиали малакали жарроҳлари бажарди. Қашқадарёда амалга оширилган трансплантация операциялари сони 5 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Сурхондарёда илк бор ишлаб турган юракда жарроҳлик амалиёти бажарилган эди.