ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) кузатувчилар миссияси бошчилигида мамлакатда бўлиб турган ушбу ташкилот бош котиби Сергей Лебедевни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Сергей Лебедевни қабул қилди.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Учрашув аввалида МДҲ бош котиби Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президенти сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклаган.
Сайлов халқаро стандартларга тўлиқ мос ҳолда ўтгани қайд этилди.
Сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ҳамда овоз бериш натижалари аҳоли амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини кенг қўллаб-қувватлаётгани ва унга ишонишидан далолат экани алоҳида таъкидланди.
Томонлар МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстликнинг 40 дан зиёд битимларини имзолади, 24 та соҳавий органларига қўшилди. Куни кеча Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар сайлов комиссиялари раҳбарлари маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Учрашувда кўп томонлама шерикликни кенгайтиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтди. Республика Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга кўра, Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонган. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда сайловчиларнинг 79,88 фоизи қатнашган.