Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Ўзбекистондаги сайлов участкаларида овоз бериш якунланди — фото, видео

Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари соат 08:00дан 20:00га қадар давом этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Сайлов қонунчилигига кўра, Ўзбекистондаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни соат 20:00 да якунланади.
Бугун Ўзбекистондаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари соат 08:00да бошланди. Сайловда овоз бериш учун Ўзбекистон бўйича жами 10784 та сайлов участкаси ташкил этилди.
Участкалар очилганидан бери соат 17:00 ҳолатига жами 13 459 677 нафар овоз берувчи иштирок этди. Қайд этилишича, Фарғона вилоятида энг кўп сайловчи овоз берган. Уларнинг сони 1 611 307 нафар.
Сайлов участкаларида овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланди.
Овоз бериш қутиларини очиш навбатма-навбат амалга оширилади аввал кўчма, сўнгра стационар овоз бериш қутилари очилади.
Сайлов бюллетенлари
Овозлар бевосита сайлов ўтказувчи участка комиссияси аъзолари томонидан санаб чиқилади.
Ўзбекистондаги сайлов участкаларида овоз бериш якунланди
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Сайловчилар ягона электрон рўйхатига (СЯЭР) жами 19 млн 593 минг 838 нафар фуқаро киритилди. Шулардан 47 фоизини эркаклар, 53 фоизини аёллар ташкил этади. 30,1 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Хорижий мамлакатларда тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатидан жами 323 минг 626 нафар сайловчи жой олди.