Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

МДҲ кузатувчилари Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида иш олиб боради — Сергей Лебедев

Сергей Лебедев: Овоз бериш куни Тошкент шаҳридаги участка комиссиялари фаолияти билан ўзим ҳам танишаман.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик тинч муҳитда ўтмоқда. Бу ҳақда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош Котиби Сергей Лебедев маълум қилди.
Бугун Марказий сайлов комиссиясида МДҲ Бош Котиби Сергей Лебедев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош Котиби Сергей Лебедев иштирокида учрашув бўлиб ўтди
Сергей Лебедевнинг сўзларига кўра, узоқ муддатли кузатувчиларнинг шахсий таассуротлари асосида билдирган фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, ишонч билан айта оламанки, сайловга тайёргарлик Сайлов кодекси доирасида, муносиб савияда ва тинч муҳитда ўтмоқда.
Марказий сайлов комиссиясида МДҲ Бош Котиби Сергей Лебедев иштирокида учрашув бўлиб ўтди
“Сайлов куни кузатувга келсак, қисқа муддатли кузатувчиларнинг асосий гуруҳи бугун Тошкентга етиб келмоқда ва Миссия штабидан барча зарур материаллар ва кўрсатмалар олгач, кузатувчиларимиз ўз вазифаларини бажаришга киришадилар”, деди Лебедев.
Ҳамдўстликдан келган кузатувчилар республиканинг деярли барча ҳудудлари ва пойтахтида иш олиб бориши режалаштирилган.
"Овоз бериш куни Тошкент шаҳридаги участка комиссиялари фаолияти билан ўзим ҳам танишаман”, дея қўшимча қилди у.
Сергей Лебедев Миссия ўз фаолиятини эркин ва мустақил, Ўзбекистон қонунчилигига, Ҳамдўстлик доирасида қабул қилинган ҳужжатларга амал қилган ҳолда, сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга аралашмасдан, давлат суверенитетини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширишини алоҳида таъкидлади.
МДҲ Кузатувчилари миссияси хулосалари сайловнинг эртасига, 10 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Миссия ва унинг Бош қароргоҳи 16 июндан сайлов кампанияси мониторингини бошлади. Аввалроқ МДҲ Парламентлараро ассамблеяси (МДҲ ПА) кузатувчилари Марказий сайлов комиссияси (МСК) раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Мониторинг гуруҳи таркибига 54 нафар кузатувчи, жумладан сенаторлар, депутатлар ва экспертлар киради. Улар орасида Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон парламентлари вакиллари бор.
Ўзбекистонда президент сайлови 9 июль кунига белгиланган. Ўзбекистон президенти сайловида республика бўйича жами 14 та сайлов округи ташкил этилиб, уларга 10784 та сайлов участкалари бириктирилган.
Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш учун чет эл давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлардан 785 нафар кузатувчилар ташриф буюради. Ундан ташқари сайловни ёритиш учун аккредитациядан ўтган маҳаллий ва хорижий журналистлар ва ОАВ вакиллари умумий сони 1 299 нафарни ташкил этмоқда.