ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) билан боғлиқ юзага келган вазият Украинадаги махсус ҳарбий операцияга таъсир қилмайди, махсус операция давом эттирилади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
“Ҳечам. Махсус ҳарбий давом этмоқда, жангчиларимиз фронтнинг олдинги чизиқларида қаҳрамонлик кўрсатишмоқда, улар Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумини ғоят самарали ва муваффақиятли қайтаришмоқда”, - деди Песков “Вагнер” билан боғлиқ вазият махсус операция олиб борилишига таъсир қиладими деган саволга жавоб бераётиб
Кремль вакилининг сўзларига кўра, “Вагнер” ХҲК раҳбари Евгений Пригожинга қарши жиноий иш тугатилади, у Беларусга кетади. Песков олий мақсад қон тўкилишининг ва ички ихтилофнинг олдини олиш бўлганини таъкидлади. Бу мақсадларга эришишда Беларусь президентининг саъй-ҳаракатлари алоҳида ўрин тутган. Александр Лукашенконинг ўзи Пригожин билан музокаралар ўтказиш ташаббусини билдирган.
Россия президенти матбуот котибининг маълум қилишича, аввал бошдан Пригожин “юришида” иштирок этишдан бош тортган “Вагнер” жангчилари Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузади. Воқеаларда қатнашган жангчилар уларнинг фронтдаги хизматларини инобатга олиб, таъқиб қилинмайди.
Россиянинг қатор минтақаларида жорий этилган аксилтеррор режими тез орада бекор қилинади.
Аввалроқ Беларусь раҳбари матбуот хизмати Пригожин Александр Лукашенконинг “Вагнер” жангчилари ҳаракатланишини Россия ҳудудида тўхтатиш ҳақидаги таклифини қабул қилганини маълум қилган эди. Аниқлик киритилишича, “стол устида вазиятни ҳал этишнинг мутлақо фойдали ва мақбул варианти турибди.” Бу “Вагнер” ХҲК жангчилари учун хавфсизлик кафолатларини ҳам ўз ичига олади.
Шундан сўнг “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин жангчиларини тўплаб, дала лагерларига қайтиб кетишини маълум қилди.