Путин ва Лукашенко яна қўнғироқлашди

Беларусь президенти Россия президентини “Вагнер” ХҲК раҳбарияти билан музокаралар натижалари ҳақида хабардор қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин бир кунда иккинчи бор Беларусь етакчиси Александр Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Хабарда ёзилишича, Путин Лукашенкога “Вагнер” ХҲК раҳбари Евгений Пригожин билан бўлиб ўтган музокаралар натижаси учун миннатдорчилик билдирган.
“Бугун кечқурун соат тўққизда Беларусь ва Россия президентлари яна телефон орқали суҳбатлашишди. Беларусь президенти Россия президентини “Вагнер” ХҲК раҳбарияти билан музокаралар натижалари ҳақида хабардор қилди. Россия президенти қўллаб-қувватлади ва беларуслик ҳамкасбига бажарилган иш учун миннатдорчилик билдирди”, - дейилган хабарда.
Аввалроқ Беларусь раҳбари матбуот хизмати Пригожин Александр Лукашенконинг “Вагнер” жангчилари ҳаракатланишини Россия ҳудудида тўхтатиш ҳақидаги таклифини қабул қилганини маълум қилган эди. Аниқлик киритилишича, “стол устида вазиятни ҳал этишнинг мутлақо фойдали ва мақбул варианти турибди.” Бу “Вагнер” ХҲК жангчилари учун хавфсизлик кафолатларини ҳам ўз ичига олади.
Шундан сўнг “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин жангчиларини тўплаб, дала лагерларига қайтиб кетишини маълум қилди.
Ўтган тунда Россия Федерал хавфсизлик (ФХХ) ижтимоий тармоқларда Евгений Пригожин номидан тарқалаётган ва “Вагнер” ХҲК қисмларига Мудофаа вазирлиги зарба бергани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслиги ва ахборот провокацияси эканини маълум қилди. Россия ФХХ Тергов бошқармаси Пригожинга қарши Жиноят кодексининг 297 моддаси билан (“Қуролли исён ташкил этиш”) жиноий иш очган.
Россия президенти Владимир Путин россияликларга йўллаган мурожаатида исён кўтаришга уринганларнинг ҳаммаси жазоланиши, қонун ва халқ олдида жавоб беришини маълум қилди.