ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Telegram-каналида Россияни парчалашга чанқоқ ташқи ва ички душманни енгиш учун Россия президенти Владимир Путин атрофида бирлашишга чақирди.
"Бўлиниш ва хиёнат - энг катта фожиага, умумбашарий фалокатга йўл. Биз бунга йўл қўймаймиз. Душман мағлуб бўлади! Ғалаба бизники бўлади", деб ёзади Медведев.
Чеченистон Мудофаа вазирлиги ва Россия гвардияси жангчилари аллақачон кескинлик юзага келган ҳудудларга жўнаб кетишди. Бу ҳақда Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров маълум қилди, деб ёзади РИА Новости.
Қодиров Ростовдаги вазият муносабати билан Чеченистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Россия гвардияси жангчилари аллақачон кескинлик зоналарига жўнаб кетганини айтди.
Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Telegram-каналида Вагнер жангчилари ягона тўғри танлов – ўз халқи билан бирга бўлишлари кераклигини ёзди.
"Вагнер аскарлари ягона тўғри танлов қилишлари керак: ўз халқи билан бирга, қонун тарафида бўлиш, ўз ватанининг хавфсизлиги ва келажагини ҳимоя қилиш, олий қўмондон буйруғини бажариш. Қолган ҳамма нарса хиёнатдир!", деб ёзади Володин.
Федерация Кенгаши раҳбари ҳам исёнга уриниш ҳақида фикр билдирди. Валентина Матвиенконинг сўзларига кўра, Федерация Кенгаши президентни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва жамиятни бирлаштириш зарурлигини тушунади.
“Бундай улкан, кўп миллатли, кўп конфессияли мамлакатнинг кучи ҳар бир инсоннинг фуқаролик позициясига асосланган бирдамлигида, хиёнат ва иғвогарликка тарихий тоқат қилмаслигимиздадир”, деб ёзади Матвиенко.