МУҚАДДИМА
Дунёда инсониятни ўйлантираётган экология муаммолари тобора ортиб бормоқда. Йилдан-йилга глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қурғоқчилик каби ўткир экологик таҳдидлар дунё афкор оммасини ўйлантирмоқда, олимлар, сиёсатчилар, ҳар бир мамлакат, минтақа олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Марказий Осиё ва бутун дунё учун долзарб аҳамиятга эга Орол фожиаси, шунингдек, ер ва сув ресурслари муаммолари, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг, атмосфера ҳавосининг ёмонлашуви, саноат ва маиший чиқиндиларнинг тўпланиши каби экологик муаммолар ҳар бир мамлакатни бу масалага янада жиддий эътибор қаратишини тақозо этяпти.
Юқорида келтирилган муаммолар Ўзбекистон учун ҳам долзарб ҳисобланади. Мамлакатимиз экология соҳасида ўнлаб халқаро конвенцияларни ратификация қилган. Мазкур мажбуриятлар юзасидан миллий дастур ва қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун юртимизда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш ҳар доимгидан долзарб ва муҳимдир. Барқарор экологик ривожланиш мақсадларига эришиш орқали атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Бу борада жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш талаб этилади.
Мазкур вазифаларни ҳал этиш учун мамлакатимиз сиёсий майдонида янги куч сифатида шаклланган Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида қуйидаги дастуримизни таклиф этамиз:
“Яшил тараққиёт учун!” шиори остида сайловолди дастуримизнинг бош мақсади – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этишдан иборатдир.
МАМЛАКАТНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА “ЯШИЛ” ИҚТИСОДИЁТГА ЎТИШИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ
Партия экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш ғоясини илгари суради.
Бу мақсадга эришиш учун қуйидагилар устувор вазифалар этиб белгиланади:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаш;
атроф табиий муҳит объектларидан оқилона фойдаланиш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлаш;
иқтисодий фаолиятнинг атроф муҳитга ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсирини пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш;
иқтисодиётнинг барча соҳаларини “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритиш;
“яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, тадбиркорлик субъектларини “яшил” технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
бизнесни яшил технологияларга йўналтириш, янги технологияларни жорий этиш ҳамда атроф муҳитга зарар етказувчи ташкилотлар учун тўловларни кескин оширишни назарда тутувчи “Яшил солиққа тортиш” тизимини жорий этиш;
маҳсулотларни етиштиришда пестицидлардан фойдаланишдан тўлиқ воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш;
иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатга юқори малакали кадрлар ва замонавий, экологик тоза технологиялар кириб келишини кенгайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида “Яшил виза” (“Green Visa”) дастурини жорий этиш;
тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш;
“яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини кенг татбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, соҳага энергия ва ресурс тежовчи технологияларни кенг татбиқ этиш ва бу орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини ўртача 30-40 фоизгача оширишни таъминлаш.
ЭКОЛОГИК ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ
Биз аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидагиларга эътибор қаратамиз.
Биринчидан, экология соҳасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш борасида:
халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, мамлакат манфаатларига мос келувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, хусусан, “Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисидаги конвенция”, “Атроф муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисидаги конвенция”, “Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги конвенция”га қўшилиш чоралари кўрилади;
давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш стратегияси“ ишлаб чиқилади;
экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талаблари ягона соҳавий кодекслар жумладан, Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодексида мустаҳкамланади;
экологик суғурталаш тизими ривожлантирилади, экологик экспертиза, экологик баҳолаш ва экологик аудит институтлари халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилади;
шаҳарлар бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши, янги турар жой биноларининг қурилишида “яшил зоналар” аҳолининг сонига мутаносиб равишда қуриш лозимлиги ҳақидаги талаб қонунчиликда белгиланади;
аҳоли билан узвий ҳамкорликда ободонлаштириш ишларини режалаштирилиб, мавжуд моддий ресурслар ва инфратузилма имкониятларидан самарали ва оқилона фойдаланилади;
яшил ҳудудларда, тоғ ён бағирлари, дарё ва кўллар соҳилларида ҳар қандай қурилишларни албатта экологик экспертиза ва жамоатчилик назоратидан сўнг амалга оширилиши таъминланади;
хавфли чиқиндилар, тиббиёт ва биологик ҳамда қурилиш чиқиндиларини бошқариш ва қайта ишлашни тартибга солувчи ҳамда атроф-муҳитга зарар етказувчи қадоқлаш материаллари ва товарларга экологик йиғимнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаб берувчи “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинади;
энергия истеъмоли тежамкорлиги ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этганлик учун имтиёз ва преференциялар беришнинг ҳуқуқий механизмлари соддалаштирилади;
биологик хилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади.
Иккинчидан, экологик муаммоларни бартараф этиш, амалга оширилаётган ишларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ва бу борада кенг жамоатчиликни хабардор этиш йўналишида:
ҳар қандай инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқишда, табиий ресурслар билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизими жорий этилади;
қонунчиликда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш талаб этиладиган ҳолатларнинг асос ва мезонлари, баҳолаш механизми, атроф-муҳитга таъсирни баҳоловчи субъектларга нисбатан қўйиладиган талаблар белгиланади;
иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим стратегик дастурларини ишлаб чиқишда экологик хавфсизлик мезонлари мажбурий тартибда киритилади;
шаҳарсозлик фаолияти ҳамда лойиҳа қурилиш ҳужжатлари ишлаб чиқилишида жамоатчилик назорати кучайтирилади, ноқонуний қурилишларнинг олди олинади, аниқланган ҳар қандай ҳолат жавобгарликка тортилиши ва жазо муқаррарлиги таъминланади;
аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тармоқларини ривожлантириш, атмосферага ташланмаларни камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлашни рағбатлантиришга қаратилган изчил давлат сиёсати амалга оширилади;
қишлоқ хўжалигида “ақлли” ва ресурстежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилади;
ернинг унумдор қатламини муҳофаза қилиш, ундан самарали фойдаланиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва унумдорлигини сақлаш, уни қайта тиклашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади;
мамлакатда яшил майдонлар янада кенгайтирилади, улардан самарали фойдаланиш даражаси оширилади, яшил майдонларни суғориш жараёнига замонавий автоматлашган тизимлар жорий этилади;
қаровсиз ҳайвонлар ва уй ҳайвонларини назорат қилиш бўйича мақсадли дастурлар қабул қилинади;
мамлакатда полиэтилен, полиамид таркибли қадоқлаш маҳсулотлари, бир марталик ишлатиладиган пластик ва бошқа идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечилади;
мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот ишлари кучайтирилади;
ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этишга доир стратегия ва дастурларни амалга ошириш учун давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилади;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назорати кучайтирилади;
экологик хавф-хатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат ва жамоатчилик иштироки ҳамда назорати самарадорлиги оширилади, электрон тизимлардан фойдаланиш орқали жамоатчи эколог - инспекторлар фаолияти ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига кўпроқ йўналтирилади;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида ёшлар фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
МАМЛАКАТНИНГ ЭНЕРГЕТИКА ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ
Мамлакатимизда иқтисодиёт соҳалари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, экологик тоза қайта тикланувчи энергия турларига босқичма-босқич ўтиш ва бу борада илғор инновацион технологияларни жорий этиш партиянинг диққат марказида бўлади.
Ушбу мақсадларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси” ишлаб чиқилади;
иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан, хусусан қуёш, шамол, кичик сув оқимлари, геотермал ва биомасса энергиясидан фойдаланилади ҳамда ушбу йўналишларга илғор инновацион технологиялар жорий этилади;
иқтисодиётнинг кўп ресурс талаб қиладиган – энергетика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт коммуникация тизими ва коммунал соҳаларида энергия, ресурс тежовчи ва бошқа инновацион, экологик ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш қўллаб-қувватланади;
қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтилади, қайта тикланувчи ва муқобил энергия ишлаб чиқарувчиларга иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизими янада кенгайтирилади;
чекка ва олис ҳудудларда қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчилар қўллаб-қувватланади;
хусусий инвесторлар учун имтиёз ва преференциялар жорий этиш орқали соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кенгайтирилади.
АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ, ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ, ШУНИНГДЕК, АҲОЛИ УЧУН ҚУЛАЙ АТРОФ-МУҲИТ ШАРОИТЛАРИНИ ЯРАТИШ
Мамлакатимиз аҳолиси учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасида барча чораларни кўрамиз.
Инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади.
Ушбу мақсадларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётганларнинг тоза ичимлик суви таъминоти ва сифати яхшиланади;
ичимлик суви таъминоти лойиҳаларида бозор механизмларини жорий этишга, лойиҳа ташаббускорининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар сув ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши натижасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилади;
аҳоли яшаш пунктларида бадбўй ҳид чиқараётган, оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган ҳар қандай корхона фаолияти белгиланган талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатилиш амалиёти жорий этилади;
оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилади;
коллектор-дренаж сувларини қайта фойдаланишнинг замонавий ва илмий асослари ишлаб чиқилиб, жорий этиш орқали сув ресурсларини муҳофаза қилиш таъминланади;
саноат корхоналарининг сув ҳавзаларига салбий таъсирини камайтиришда автоматик таҳлил станцияларини ўрнатиш ва ахборотлар базасига интеграция қилиш орқали доимий назорат олиб бориш тизими жорий этилади.
Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи экологик хавфсизлик талаблари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим деб ҳисоблаймиз:
жойларда атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади;
мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа зарарли газлар миқдорини 2 бараварга камайтириш орқали атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичлари белгиланган меъёрлар даражасига келтирилади ва уларнинг аҳолига салбий таъсири камайтирилади;
атроф-муҳитга меъёрдан ортиқча ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик учун компенсация тўловлари 5-10 бараваргача оширилади;
атроф-муҳитга заҳарли газлар чиқишининг олдини олишда биринчи навбатда давлат органлари масъулияти оширилади;
жамоат жойларида ва шаҳар кўчаларида чекиш учун мўлжалланган махсус хоналар ташкил этилади, бошқа жойларда чекиш қатъиян тақиқланади;
2030 йилдан бошлаб, 2009 йилдан кейин туғилганларга ёшидан қатъий назар сигарет сотиш тақиқланади;
атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан лойиҳалаштириш тақиқланади;
атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори даража (I тоифа) даги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олиш ва таҳлил қилувчи автоматик жиҳозлар кенг татбиқ этилади;
озонни емирувчи моддаларни озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштириш бўйича тизимли ишлар ташкил этилади;
йирик шаҳарларда жамоат транспорти жозибадорлигини оширишга қаратилган амалий тадбирлар кучайтирилади, хусусан электр автобусларни кўпайтириш орқали шаҳар атмосфера ҳавосини барқарорлаштириш таъминланади;
юк ташиш йирик юк машиналаридан темир йўл транспорти ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартиралади;
2030 йилдан бошлаб мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотиш, четдан олиб кириш тақиқланади;
шаҳарлар марказларида ҳар ҳафтанинг жума куни автомобилсиз кун сифатида белгиланади ва шахсий транспорт воситасидан фойдаланмаслик кенг тарғиб қилинади;
аҳоли пунктларида яшил ҳудудлар барпо этишни жадаллаштириш, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида автомобиль йўлларини қисқартириш ҳисобидан пиёдалар ва велосипед йўлакларини ташкил этиш, ақлли светофорларни кенг жорий этиш таъминланади;
инновацион ва ўзига хос яшил жамоат транспорти ҳисобланган ҳамда хорижий давлатларда ривожланаётган замонавий транспорт инфратузилмалари (SKY WAY ва б.) жорий этилади.
Ер ресурслари мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлиги, республикамизнинг иқтисодий салоҳияти учун моддий неъмат бўлиб, ундан ҳар қандай шароитда оқилона, унумли фойдаланишни ташкил этиш мамлакат бугуни ва келажаги учун ўта муҳим ҳисобланади.
Шу боис ер ресурслари муҳофазасини таъминловчи қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширамиз:
ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги ҳуқуқий база “ақлли” ва ресурстежовчи қишлоқ хўжалиги тамойиллари асосида такомиллаштирилади;
тупроқ шўрланишининг олдини олишда илм-фан ютуқларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор берилади;
“органик” қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кучайтирилади, кимёвий воситалар ва гени ўзгартирилган организмлардан фойдаланиш тартибга солинади;
атроф табиий муҳитни, бино ва иншоотларни ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш таъминланади ҳамда ер ости бойликларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишга барҳам берилади;
тупроқнинг унумдор қатлами бузилиши билан боғлиқ жараёнларда, кейинчалик ерни биологик рекультивациялаш ёки унумдорлиги паст ерларда фойдаланиш учун тупроқнинг унумдор қатлами олиниши, сақланиши борасида давлат ва жамоатчилик назорати кучайтирилади;
ерларни тупроқ ва шамол эрозиясидан муҳофаза қилиш, деградация, чўлланишдан сақлаш мақсадида биомелиоратив тадбирларни кенгайтириш, ихотазорлар барпо этиш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилади.
Сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, жамиятимизда сув истеъмоли маданиятини ошириш ва сувга нисбатан тежамкор муносабатни шакллантириш энг устувор вазифаларимиздан ҳисобланади.
Ушбу мақсадда қуйидагилар амалга оширилади:
қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастур ишлаб чиқилади;
сув ресурсларининг ҳисобини юритиш тўлиқ рақамлаштирилади, сувнинг исроф бўлиши кескин камайтирилади ва сувдан самарасиз фойдаланиш бартараф этилади, сувни исроф қилганлик учун мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилади;
аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, табиатни муҳофаза қилиш борасидаги миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш, ривожлантириш, сувга бўлган оқилона муносабатни муқаддас бурчга айлантириш ғояси тарғиб қилинади;
автотранспорт воситаларини ювиш шохобчалари учун сувдан фойдаланиш шартлари қайта кўриб чиқилади, уларнинг ҳар бирига фойдаланилган сувни қайта ишлаш ҳамда сувдан такроран фойдаланиш тизими жорий этилади;
сув тежовчи технологияларни (томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет ва бошқа) жорий этишда иқтисодий омилларни янада кенгроқ қўллаш орқали ерлардан олинган даромад солиқ солинмайдиган даромадлар турига киритилади;
сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда санитария-муҳофаза зоналари ҳудудларида хавфли объектларни жойлаштиришни тақиқлаш ва мавжудларини босқичма-босқич кўчириш ишлари олиб борилади;
ривожланган хорижий давлатларнинг мегаполисларида мавжуд замонавий дренаж тизимини ўрганиш асосида пойтахтдаги ва йирик шаҳарлардаги мавжуд сув оқизиш ва тозалаш тизимлари модернизация қилинади;
мамлакатдаги барча дарёлар, ер ости сувлари ва бошқа сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва улардан фойдаланиш талаблари такомиллаштирилади.
Саноат корхоналари чиқиндилари ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш долзарб вазифаларимиздан эканлигини қайд этамиз. Чиқинди муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш ҳажми оширилади.
Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидагилар амалга оширилади:
саноат ва маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий технологиялар кенг жорий этилади;
чиқиндиларни утилизация қилиш, уларни тўплаш ва қайта ишлашда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш чоралари кўрилади, уй хўжаликларидан чиқадиган пластик чиқиндиларни ажратиш мажбурий этиб белгиланади;
пластмасса маҳсулотлари учун муқобил материаллар ва маҳсулотлар ишлаб чиқишни рағбатлантириш, пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва утилизация қилиш қоидалари ижроси устидан назорат кучайтирилади;
саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, маиший ва бошқа чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, уларни қайта ишлаш ҳамда иккиламчи фойдаланиш чора-тадбирлари амалга оширилади;
хўжалик ва бошқа фаолият объектлари чиқиндиларини зарарсизлантириш ва хавфсиз жойлаштирилишини техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича талаблар кучайтирилади;
чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш хавфи юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва зарарсизлантириш чекланади;
чиқиндилардан энергия манбаи сифатида фойдаланиш технологиялари кенг жорий этилади.
Бугунги кунда бутун дунёда биохилма-хиллик камайиб бораётгани олдимизга биологик хавфсизликни таъминлашдек муҳим вазифалар турганлигидан далолат беради.
Шу сабабли ушбу соҳада қуйидагиларни амалга ошириш долзарб деб ҳисоблаймиз:
биохилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш имконини берувчи ҳуқуқий база такомиллаштирилади;
биохилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг ҳозирги 14 фоиздан 20 фоизига етказиш чоралари кўрилади;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари ва сувли акваториясида уларнинг мақсадли вазифаларига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга чек қўйилади;
камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни овлаш ва ўсимлик турларини табиатдан ажратиб олишга 10 йиллик мораторий эълон қилинади;
геоахборот технологиялари асосида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ҳисобга олинади ва мониторинги юритилади ҳамда назорати кучайтирилади;
ўрмонларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш орқали республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражаси 30 фоизга етказилади;
хусусий ҳайвонот боғлари ва питомниклар фаолияти йўлга қўйилади ва такомиллаштирилади;
браконьерлик ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабанда савдосини чеклаш бўйича кескин чоралар кўрилади ҳамда улар устидан жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари сурамиз.
Ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, табиатга етказилган зарарни қоплашда “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилини амалда янада кенг татбиқ этилишига эришамиз.
Бу борада қуйидагиларни устувор деб ҳисоблаймиз:
табиатга етказилган зарар ўрнини қоплашнинг самарали механизмлари жорий этилади;
табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишнинг самарали механизмлари жорий этилади;
ёввойи ҳайвонларни овлаш учун тўланадиган нархлар қайта кўриб чиқилади;
экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш
ва қонуний чоралар кўришни таъминлаш мақсадида рақамли экологик мониторинг маркази ташкил этилади;
ва қонуний чоралар кўришни таъминлаш мақсадида рақамли экологик мониторинг маркази ташкил этилади;
дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш учун жазо чоралари қатъий белгиланади ва кескин кучайтирилади, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда жамоатчилик ва давлат назоратининг янги, ўзаро уйғун механизмлари жорий этилади;
дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни рақамлаштириш, QR (махсус) кодлаш дастури ишлаб чиқилади, ноёб ва камёб дарахтлар, йирик ҳажмли ва 100 ёшдан ошган турлари алоҳида рўйхатга олинади, уларга табиий ёдгорлик мақоми берилади;
табиий доривор маҳсулотлар турини кенгайтириш, маданий доривор ўсимликлар плантацияларини кўпайтириш орқали маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёсини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилади.
ИҚЛИМ ЎЗГАРИШЛАРИГА МОСЛАШИШ, ОРОЛ ФОЖИАСИ ОҚИБАТЛАРИНИ ЮМШАТИШ ВА ОРОЛБЎЙИ ҲУДУДИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ
Бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши бўйича вазият жиддийлигича қолмоқда. Дунё экспертларининг фикрига кўра, 2050 йилга бориб, глобал исиш жараёнлари янада жадаллашиши ва ҳарорат ҳозиргига нисбатан 2-3 градусга исиши башорат қилинмоқда.
Айниқса, Марказий Осиё давлатларида Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ ҳолатлар аҳоли соғлиғига янада кўпроқ таъсир ўтказиши таъкидланяпти. Бу борада тезкор чоралар кўрилмаса, келгусида глобал тусдаги муаммолар бундан-да аянчли тус олиши мумкин.
Шунинг учун биз саъй-ҳаракатларимизни минтақамизда иқлим ўзгаришининг асосий омили бўлган Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш орқали бу минтақада экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратамиз.
Бунда асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади:
Глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж битими доирасида мамлакатда иссиқхона газларини қисқартиришни назарда тутувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади;
Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилашга Давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари маблағлари мақсадли йўналтирилади;
қуриган денгиз ўрнини ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни давом эттириш, кўчатчилик ва ўрмонлаштириш ишларига давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг бандлиги таъминланади;
Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш ишлари жадаллаштирилади;
халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ ҳудудлар (Рамсар конвенцияси) рўйхатига киритилган Айдар-Арнасой кўллар тизими, “Денгизкўл”, “Қуйимазор”, “Тўдакўл”, “Судочье-Акпетке” сув омборлари экотизимларини муҳофаза қилиш кучайтирилади;
ҳудудларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларни кузатиш мақсадида замонавий илмий станциялар ташкил этилади;
ваколатли давлат органлари ва идораларда иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга қаратилган амалий тадбирлар ташкил этилади;
Оролбўйи ҳудудида “Ўзбекистон Қизил китоби”га киритилган ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларини кўпайтиришга ихтисослаштирилган питомниклар барпо этилади.
ТАБИИЙ-ТЕХНОГЕН ҲОЛАТЛАР ОҚИБАТИДА РЎЙ БЕРИШИ МУМКИН БЎЛГАН БАРЧА ВАЗИЯТЛАР ЮЗАСИДАН ТИЗИМЛИ ИШЛАРНИ ОЛИБ БОРИШ
Бугунги кунда юртимиз ҳудудида тез-тез учраётган чанг ва қум бўронлари оқибатларини юмшатиш, уларнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига келтирадиган хавфини камайтириш, инсон саломатлигига салбий таъсир этадиган заҳарли тузларнинг ҳавога тарқалишининг олдини олиш ишларини ташкил этиш муҳим ҳисобланади.
Бунда қуйидаги чоралар кўрилади:
ҳудудларнинг сейсмик фаоллигини ҳисобга олиб, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш талаблари такомиллаштирилади;
тоғ ва тоғолди ҳудудларида рўй берадиган қор кўчкилари, сел хавфини камайтириш, сув омборларининг қирғоқ бўйларини мустаҳкамлаш, ер кўчиши, ўпқонлар ва жарликлар ҳосил бўлиши олди олинади;
қурғоқчилик ва стресс омилларга чидамли ўсимлик ва ҳайвон турлари кўпайтирилади, янги нав ва зотлар яратиш рағбатлантирилади;
Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида қум кўчишининг олиш мақсадида яшил белбоғлар ва қалқонлар барпо этиш жадаллаштирилади;
қум ва туз бўронлари кўтарилиши хавфи юқори бўлган ҳудудлар хариталари ишлаб чиқилади ва бундай ҳудудларда махсус дастурлар асосида ихотазорлар барпо этилади.
ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИ, СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДА ИСЛОҲОТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ
Биз экологик қадриятлар устуворликка айланадиган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш борасида ислоҳотларни изчил давом эттирамиз.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
фуқароларнинг ҳаёт сифатини пасайтирадиган ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ҳар қандай иқтисодий фаолиятни давлат томонидан молиялаштириш тақиқланади;
давлат бошқаруви тизимида экология соҳасидаги маъмурий ислоҳотлар амалга оширилади;
“Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги оширилади;
судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш, суд қарорлари ижросини таъминлаш кафолатлари кучайтирилади;
суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойиллари тўлиқ жорий қилинади;
маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги эскирган жавобгарлик чоралари бекор қилинади, маъмурий органлар томонидан жарима қўллаш қисқартирилиб, судларга кенгроқ ваколат берилади;
адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади;
давлат ташкилотлари фаолиятида жамоатчилик олдида ҳисобдорлик кучайтирилади;
малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифати оширилади, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилади;
йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солиш қонуности ҳужжатларидан, қонун асосида тартибга солишга ўтказилади.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлади. Бунда:
жамоатчилик назорати ва жамоатчилик эшитуви институти ривожлантирилади, барча тизимдаги давлат идоралари фаолиятида, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш чоралари кучайтирилади;
давлат хизматчилари фаолиятининг иқтисодий ва ижтимоий кафолатлари кучайтирилади.
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ, ТАЪЛИМ, ИЛМ-ФАН ВА МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАЛАРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ
Биз аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, халқ табобатини янада ривожлантириш, илғор хорижий тажрибалар асосида узлуксиз таълим сифати даражасини кўтариш, илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда маданий-маърифий соҳаларни янада юксалтиришни устувор вазифалар, деб ҳисоблаймиз.
Ушбу вазифаларга эришиш мақсадида:
дори воситаларини улгуржи ва чакана реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг лицензия талабларига риоя этишлари устидан назорат кучайтирилади;
тиббиёт соҳасида стоматологик хизматлар нархини пасайтириш мақсадида давлат стоматологик клиникалари ривожлантирилади;
мактабгача таълим муассасаларида овқатланиш тизими такомиллаштирилади, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда болаларни маънавий ва жисмонан ривожлантиришга йўналтирилган, витаминларга бой озиқ-овқат хавфсизлигига тўлиқ жавоб берадиган рационларни қўллаш кенгайтирилади;
санитария-эпидемиология соҳасида реал хавф-хатарларни прогноз қилиш, баҳолаш, юқумли касалликлар табиий ўчоқлари устидан эпидемиологик мониторинг ва эпидемияга қарши профилактик тадбирлар мажмуи амалга оширилади;
аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва экологик номақбул ҳудудлар аҳолиси учун ижтимоий тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади ва жорий этилади, халқ табобатини ривожлантириш чоралари кўрилади;
соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб этилади ва оммавий спорт турлари янада ривожлантирилади, соғлом овқатланиш маданиятини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади;
экологик омилларнинг инсон соғлиғига салбий таъсирини бартараф этиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилган тиббий суғурта механизмлари жорий этилади.
Таълим тизимини ислоҳ қилиш соҳасида қуйидаги вазифаларни амалга оширишни муҳим деб ҳисоблаймиз:
Ўзбекистон Республикасининг Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси ҳаётга изчил ва самарали татбиқ этилади;
мактабгача ва мактаб таълим муассасалари тарбияланувчи ва ўқувчилари учун экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, она табиатни асраб-авайлашга бағишланган дарслик, қўлланма, тарқатма ҳамда кўргазмали материалларни бепул чоп этилиши ва тарқатилиши таъминланади;
“яшил” иқтисодиётга мос келадиган ва унинг ривожланишига ҳисса қўшадиган касб-ҳунар йўналишлари рўйхати тузилади ва кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойиллари кенг жорий этилади, ёшларнинг экологик маданияти юксалтирилади;
олий таълим тизимида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича давлат гранти ҳисобидан малакали кадрлар тайёрлаш кенгайтирилади, педагог кадрлар тайёрлаш жараёни замон талаблари асосида ислоҳ қилинади, шу соҳада замонавий технологияларни жорий қилишга йўналтирилган янги таълим муассасалари ташкил этилади;
экология соҳасидаги муаммоларни тадқиқ қилишни рағбатлантиришга қаратилган илмий-тадқиқот дастурлари, грантлар жорий этилади.
Илм-фан соҳасини ривожлантиришда экологик тадқиқот ва инновацион фаолият кўламини кенгайтириш назарда тутилади. Бунда:
экологик тоза, чиқиндисиз ва ресурстежамкор технологияларни ишлаб чиқишга қаратилган илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида илмий маҳсулотлар ҳажми оширилади ва инновацион усуллар кенг жорий этилади;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа эҳтиёжларига тўлиқ мослаштириш, юқори самарадор илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этиш кўлами оширилади;
ҳудудларда экотехнопарклар ташкил этиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишланмаларини кенг жорий этиш чоралари кўрилади;
фойдали қазилмаларни аниқлаш, қазиб олиш ва қайта ишлашнинг илмий-техник даражасини оширишга қаратилган илмий-тадқиқотлар ривожлантирилади;
экологик илмий-тадқиқот изланишларида ёшларнинг иштирокини рағбатлантириш чоралари кўрилади.
Маданий-маърифий соҳада қуйидаги вазифаларни амалга оширишни муҳим деб ҳисоблаймиз:
“Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида”ги дастур қабул қилинади;
туризмнинг экологик, агро, гастрономик, экстремал ва бошқа турлари инфраструктураси ривожлантирилади, “Eco-Uzbekistan” номли эко-туризм бренди шакллантирилади;
жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳисси кучайтирилади;
таълим, оила ва маҳалла тизимида инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилади;
аҳолининг атроф-муҳит ҳолати бўйича хабардорлигини ошириш, мунтазам равишда атроф-муҳит ҳолати юзасидан миллий маъруза ва таҳлилий ҳисоботларни нашр этиб бориш йўлга қўйилади;
экологияга оид илмий-оммабоп ахборот босма нашрлар, теле-радио дастурлар давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланади;
мамлакатда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида фаолият кўрсатаётган барча нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти янада ривожлантирилади, уларни ҳуқуқий, молиявий қўллаб-қувватлаш кучайтирилади.
ТАШҚИ СИЁСАТ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
Ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида қўшни давлатлар билан хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилади.
Шунингдек, ташқи сиёсатнинг асосий устувор вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланади:
қўшни давлатлар билан дўстона ва прагматик ҳамкорликни давом эттириш, минтақамиздаги табиат ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш, мавжуд экологик муаммоларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот, халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этиш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш, эпидемия ва пандемия ҳолатларида барча кучларни бирлаштиришга йўналтирилади;
Марказий Осиё мамлакатларини ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада кенгайтириш, экологик инвестициялар киритилишини рағбатлантириш ва аҳолига туризм учун кенг имконият яратиш чоралари давом эттирилади;
хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик муносабатлари тенглик, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш асосида давом эттирилади;
экология соҳасида қабул қилинган халқаро конвенция, шартнома ва бошқа икки ва кўп томонлама келишувларнинг самарали ижроси таъминланади;
барқарор ривожланишни таъминлаш юзасидан Марказий Осиё ва бошқа хорижий давлатлар билан экологик инновацион йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, экологик таълим ва билимларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан халқаро форумлар ўтказилади;
мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш лойиҳаларини ривожлантиришда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорлик кенгайтирилади.